Тошкентда Ривожланиш мақсадидаги ҳамкорлик бўйича “Ўзбекистон – Европа Итттифоқи” кичик қўмитасининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси, Европа комиссиясининг Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё бўйича бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда секторал ислоҳотлар ва жорий лойиҳаларнинг бугунги аҳволи муҳокама қилинди. Европа Иттифоқи билан аграр соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган, хусусан, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирликлари, шунингдек, Агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги масъул мутахассислари иштирокидаги бир қатор лойиҳалар, тақдимотлар намойиш қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси мутахассисларининг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича маърузалари тингланди.
ЕИ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Эразмус+ минтақавий дастури ва Марказий Осиё таълим платформаси лойиҳаларининг жорий ҳолатига бағишланган музокараларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Европа Иттифоқи делегацияси вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ЕИнинг Наркотик моддалар билан ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳаракатлар режаси ҳамда Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа инструменти каби лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда. Айни йўналишлардаги ҳамкорлик мамлакатимизда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳванд моддалар назорати бўйича Миллий ахборот-таҳлил маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган.
ЕИ билан ҳамкорлик жараёнида мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш муҳим ўрин тутади. Мажлис давомида ЕИ делегацияси аъзоларига Ўзбекистонда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишлар, соҳадаги ўзгаришлар хусусида маълумот берилди. Ҳудудларда барпо этилаётган барча қулайликларга эга Давлат хизматлари марказлари фаолиятига бағишланган тақдимот намойиш этилди.
Мажлис якунида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида 2014-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича индикатив дастур доирасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан боғлиқ ҳисоботлар тингланди. 2021-2027 йилларга бағишланган индикатив дастур ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди.
Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА
Манба: ЎзА