Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Made in Uzbekistan” номли миллий маҳсулотлар халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Кўргазма очилишида сўз олганлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча иқтисодий тармоқлар равнақида муҳим аҳамият касб этиб, маҳаллий ва хорижлик ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга кенг йўл очиб бераётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуи ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий корхоналарнинг экспортга мўлжалланган маҳсулотларини намойиш этиш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва хорижлик шериклар билан барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган.
Кўргазма павильонларида тоғ-кон саноати, нефть-газ, кимё ва фармацевтика, автомобилсозлик ва машинасозлик, электротехника саноати, қурилиш индустрияси, тўқимачилик ва чарм-пойабзал тармоғи, аграр ва озиқ-овқат саноати, молия муассасалари хизматлари, халқ амалий санъати ва сайёҳлик соҳалари ўз имкониятини намойиш этмоқда.
– Бугунги кўргазмада уюшмамизга қарашли 20 дан ортиқ корхона ўзининг тайёр маҳсулотлари билан қатнашмоқда, – деди “Ўзчармсаноат” уюшмаси бошқарма бошлиғи Отабек Саидхонов. – Биз авваллари ярим тайёр чарм маҳсулотларини экспорт қилган бўлсак, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли 2018 йилда 150 миллион долларлик тайёр чарм маҳсулотларини экспорт қилдик. Жорий йилдаги режа эса 200 миллион долларга яқин маҳсулотларни экспорт қилишдир. Яна бир эътиборли жиҳати, ўтган йилларда фақат МДҲ мамлакатларига маҳсулотларимизни сотганмиз. Энди уюшма корхоналарининг экспорт географиясига Чехия, Англия, Польша, Болгария давлатлари ҳам қўшилди.
Айтиш жоизки, ушбу кўргазмада мамлакатимизнинг барча ҳудудий корхоналари ва вилоят бирлашмалари фаол иштирок этмоқда.
– Корхонамиз электр энергияни тежайдиган лед лампалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – деди Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Miss Lighting” корхонаси директори ўринбосари Шоҳрух Ғаффоров. – Унинг ишлаб чиқариш қуввати ойига 1 миллион 200 донани ташкил этади. Корхонамизнинг очилганига бир ой бўлди. Шу вақтга қадар қурилиш ишлари амалга оширилиб, ушбу лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида 120 иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ҳозир 20 турдаги лед лампалар ишлаб чиқарилаётган бўлса, келгуси йилда уларнинг сонини 70 тага етказмоқчимиз. Корхонамиз фаолиятини бошлаши ва бугунги кўргазмада иштирок этишида бизга “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси яқиндан кўмак берди. Айни чоғда маҳсулотларимиз ички бозорга чиқарилмоқда.
Кўргазма доирасида анжуманлар, миллий иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳияти тақдимоти, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари модаси намойиши бўлиб ўтади. Якунда “Энг яхши инновацион стенд”, “Энг кўп ташриф буюрувчи стенд” каби номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилади.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси – “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нодир Отажонов сўзга чиқди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, Оқил ҒУЛОМОВ, Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА