Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳиндистоннинг Гужарат штати расмий делегацияси Инновацион ривожланиш вазири билан учрашди
2019-10-23 | Иқтисодиёт
22 октябрь куни Гужарат штати расмий делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ҳиндистон давлат идоралари мутасаддилари ва компаниялар вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Гужарат штати бош вазири идорасининг масъул ходими Д.Х.Шах, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ахборот технологиялар бўйича маслаҳатчиси Ж.Партхасартхи, “KPMG” консалтинг компанияси директори С.Вагхела, “Silvertouch” ҳамда “DEV ITPL” компаниялари раҳбарлари иштирок этдилар.
Суҳбат давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати, шунингдек “Silvertouch”, “DEV ITPL” ҳамда “KPMG” компаниялари билан технологиялар, инновациялар, транспорт ва ҳуқуқшунослик соҳасида алоқалар ўрнатиш масалалар муҳокама қилинди.
И. Абдураҳмонов Президентимизнинг жорий йил 18 январида Ҳиндистонга амалий ташрифи доирасида Гандинагаре шаҳрида бўлиб ўтган “Жўшқин Гужарат” IX халқаро инвестиция саммитида сармоядорларни Ўзбекистонга жалб қилиш, турли соҳаларда истиқболи лойиҳаларни амалга ошириш бўйича илгари сурилган қатор таклиф ва ташаббуслар амалга оширилаётгани қайд этиб, Ҳиндистоннинг “Bharat Biotech International LLC” билан ҳамкорлик натижасида юртимизга“Rotavac” ротавирус вакцинаси, ич терлама касаллигига қарши “Typbar” вакцинаси, ҳамда куйган тери очиқ яраларни даволовчи, диабетик товон профилактикаси учун препаратлар 50 фоизли чегирма билан республикамизга импорт қилинаётганини таъкидлади. Шунингдек, Андижон вилоятида 5 гектар майдонда қўшма уруғчилик кластери ташкил этилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Ҳиндистонлик меҳмонлар ҳамкорликка тайёр эканликларини таъкидлаб, ахборот технологиялари, электрон ҳукумат, стартап лойиҳалар, “ақлли шаҳар” йўналишларида биргаликда лойиҳалар амалга оширишга ўз қизиқишларини билдирдилар.
Учрашув натижаларига кўра инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва “iCreate” ташкилоти стартап экотизимини ривожлантириш бўйича икки томонлама алоқаларни ўрнатишга келишдилар. Мазкур ҳамкорлик инновацион соҳада фаолият юритаётган ёки юритиш истагида бўлган тадбиркорларга ҳиндистонлик бизнес вакилларининг тажрибаларидан фойдаланган ҳолда ўз бизнесларини йўлга қўйиш учун имконият яратади.
Бундан ташқари ҳиндистонлик ва ўзбекистонлик талабалар ўртасида алмашинув дастури бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди. Дастурда Gujarat Forensic Science University ва Тошкент давлат юридик институти ҳамда Пандит Нефть маҳсулотлари университети (Pandit Deendayal Petroleum University, Gujarat) ва Тошкент шаҳридаги Россия давлат нефть ва газ университети филиали ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум тузилиши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги