Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент давлат техника университетига қуёш панеллари ўрнатилди
2019-10-23 | Технологиялар
Пойтахтимизда уч кун давом этадиган “Made in Uzbekistan” Халқаро кўргазмаси бошланди.
Кўргазма доирасида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳудудига 10 кв/соат қувватига эга 40 та қуёш панели ўрнатиб берилди.
Ҳомийлик кўмаги беришга бел боғлаган, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи “CHINT Electric” Ўзбек-Хитой қўшма корхонаси кўмагида университетининг Энергетика факультети талабалари ва ўқитувчилари учун “Электр ускуналарини текшириш ва назорат қилишни инновацион бошқариш ўқув-лаборатория хонаси” ҳам тўлиқ жиҳозлаб берилди. Сифат жиҳатидан яхшилаш, соҳани инновацион ривожлантириш борасидаги бу қадамлар ёшларга манзур бўлмоқда.
“Технологияларни ҳаётга татбиқ этиш ва ёшларни малакасини оширишда бундай лаборатория жуда муҳим“ дейди университет вакили Анвар Гелманов
“Ҳозирда электр ва электромонтаж соҳасидаги кадрларга талаб ошиб бормоқда. Инсон етук ва ўз касбини билимдони бўлиши учун нафақат назария билимларни балки амалий кўникмаларни ҳам ривожлантириб бориши керак. Айни вақтда энг илғор технологияларнинг келтириб, ўрнатиб берилиши, пишиқ- пухта, мутахассисларни кўпайишини таъминлайди.
Демак, талабалар илмий-тадқиқот ишлари ва ихтироларини синовдан ўтказиш, электр ускуналарини назорат қилиш имкониятига эга бўлдилар. Бу эса электротехника саноати соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан яхшиланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, мавжуд ресурслар ва ишга солинмаган салоҳиятни жалб этиш орқали энергия самарадорлигини ошириш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Манба: ЎзА