Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Muslim Women in Travel 2019: Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳлар учун энг қулай мамлакатлар ўнталигидан жой олди
2019-10-23 | Туризм
“Mastercard” молия ташкилоти ва “CrescentRating” агентлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳлар учун энг қулай мамлакатлар қаторидан ўрин олди.
Экспертларга кўра, хавфсизлик ва диний ибодатлар, жумладан, исломий либосларга бўлган бағрикенглик мусулмон аёл сайёҳлар учун энг муҳим аҳамиятга эга икки ўлчов ҳисобланади. 2019 йилнинг 17 октябрь куни Сингапурда ўтказилаган “Halal in Travel Asia” саммити доирасида эълон қилинган ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо мамлакатлар орасида хавфсизлик ва диний бағрикенглик бўйича юқори ўринни эгаллаган мамлакатлар ўнталигидан жой олган.
Қатар, Уммон, Бруней, Туркия, БАА, Кувайт ва Малдив давлатлари навбат билан рўйхатнинг юқори ўринларини забт этган. Ўзбекистон ушбу рўйхатнинг саккизинчи ўрнидан жой олган бўлса, Индонезия ва Малайзия ундан кейинги ўринларда келган. “Muslim Women in Travel 2019” ҳисоботи мусулмон аёллар саёҳатига оид жаҳон миқёсидаги илк тадқиқот бўлиб, унда асосан Жанубий-Шарқий Осиё мамалакатларидан 3300 нафар мусулмон аёл иштирок этган.
Ҳисоботга кўра, мусулмон аёллар саёҳати жаҳон туризм бозорида энг тезкор ривожланаётган сегментлардан ҳисобланади. Мусулмон ўлкалардаги аёлларнинг даромадлари ошиб бораётгани ва уларнинг таълим даражаси юқорилаётганлиги уларни саёҳатга чиқишга ундамоқда, дейилади ҳисоботда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги