Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вашингтон шаҳрида Жаҳон банки Президенти Д.Малпасс билан учрашув бўлиб ўтди
2019-10-23 | Иқтисодиёт
Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Жаҳон банки Президенти Д.Малпасс ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларда Жаҳон банкининг иштироки ҳамда устивор лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди.
Жаҳон банки Президенти мамлакатимиз ҳукуматини халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш Платформасини амалга ошириш бошлангани муносабати билан табриклади. Бу жараёнда Ўзбекистон биринчи бешта пилот мамлакатдан бири сифатида танлаб олинган.
Мазкур платформанинг Ўзбекистон учун афзалликлари ҳакида гапирар экан, Д.Малпасс кўп векторли ўзгаришлар жараёнини олиб боришда халқаро молия институтлари ва Ҳукумат ўртасида аниқ ҳамда самарали мулоқотни таъминлаш учун бу кенг имкониятлар эканлигини таъкидлади.
Жаҳон банки Президенти шунингдек, мамлакатга инвестицияларни жалб қилишнинг муҳим омили сифатида банк-молия тизимини ривожлантириш ҳамда миллий иқтисодиётда хусусий сектор улушининг ўсишини рағбатлантиришга кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар аниқ қўшма саъй-ҳаракатларнинг изчиллигини қайд этиб, белгиланган йўналишлар доирасида ҳамкорлик бўйича келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги