Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги делегацияси Бирлашган Араб Амирликларида бўлди
2019-10-23 | Жамият
Жорий йилнинг 19-21 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликларида бўлди.
Биринчи кун
Ташрифнинг дастлабки куни, 19 октябрда Ўзбекистон делегацияси БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси Б.Ибрагимов ҳамда бош консули А.Саломов билан ишчи учрашувини ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилиб, ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Иккинчи кун
Ўзбекистон делегацияси 20 октябрни меҳнат ресурслари соҳасида Ўзбекистон ва БАА ҳукуматлари ўртасида 2019 йилнинг 25 мартида имзоланган Ҳамкорлик ҳужжатини амалга ошириш бўйича Дубай шаҳрида ташкил этилган II Умум йиғилишда қатнашиш билан бошлади.
Музокаралар якунида томонлар хўжалик ишчилари, тижорий йўловчи транспорт (такси) ҳайдовчилари, меҳмонхона ходимларини ишга жойлаштириш сингари уч йўналиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишни бошлашга келишди.
Делегациянинг навбатдаги ташрифи Инсон ресурслари вазирлигининг уй хўжаликлари ишчиларини қабул қилиш, ёллаш ва визавий қўллаб-қувватлаш хизматларини тақдим этувчи TAD-BEER ва TWA-FOUQ лойиҳалари билан танишиш бўлди.
Куннинг иккинчи ярми Абу Даби шаҳрида БАА – Ўзбекистон II меҳнат форуми, шунингдек, Ўзбекистон хусусий бандлик агентликлари ҳамда БАА иш берувчилари ва рекрутинг агентликларининг семинар-тренинги ташкил этилди.
Мазкур тадбирларда БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазири Нассер бин Тани Аль Хамли, вазирлик масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов бошчилигидаги делегация, Ўзбекистондаги хусусий бандлик агентлиги ва БАА иш берувчилари ва рекрутинг агентликлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир якунлари бўйича томонлар меҳнат ресурслари соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамловчи қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги