Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳуқуқ ҳимоячилари билан фаол ҳамкорликни давом эттирмоқда
2019-10-23 | Жамият
Халқаро меҳнат ташкилотининг 29-сонли ва “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-сонли конвенциялари ижросига мувофиқ, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар орасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Халқаро меҳнат ташкилоти “Учинчи томон мониторинги” вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан йўлга қўйган фаол ҳамкорлик алоқалари муҳим ўрин тутади.
2019 йилнинг 17 октябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Қудратулло Одинаев бошчилигидаги масъуллар ҳуқуқ ҳимоячиларининг бир гуруҳи билан учрашди. Оксана Липкану, Елена Урлаева, Дилфуза Қуролова, Ўктам Пардаев, Арсланбай Отепов, Хаитбой Якубов иштирокидаги учрашувда мажбурий меҳнатга қарши курашнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Учрашув аввалида Инспекция бошлиғи жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мажбурий меҳнатга қарши олиб борилган ишлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишга туширилган 1176 ишонч телефон рақамлари, @mehnathuquqbot Телеграм мессенжери ва dmi.mehnat.uz веб саҳифаси орқали фуқаролардан 700 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларни текшириш натижасида жами 200 га яқин мансабдор шахснинг мажбурий меҳнатга йўл қўйгани аниқланган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардан келган 20 дан ортиқ мурожаат орқали 20 га яқин мансабдорларга нисбатан ЎзР МЖТК бўйича маъмурий жазо қўлланилган.
Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини аниқлашда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан берилган маълумотлар ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, ана шундай хабарлар асосида Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа тумани, Наманган вилоятининг Поп тумани, Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани, Тошкент вилоятининг Бекобод, Қуйичирчиқ туманларида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Юборилган мурожаатларнинг ҳаммаси ҳам асосга эга бўлмагани боис, бу каби қонунбузарликлар тизимли характерга эга эмаслигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Учрашув давомида Халқаро меҳнат ташкилоти, фуқаролик жамияти вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан мажбурий меҳнатга қарши курашда Ўзбекистонда олиб борилаётган фаол мониторинг ишлари алоҳида қайд этилди. Айниқса, пахта терими мавсумида фуқароларни мажбурий теримга жалб этишга йўл қўймаслик, бу борада жойларда профилактика тарғибот ишларини олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги