Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳиндистоннинг Гужарат штати билан ҳамкорлик ривожланади

2019-10-23 | Иқтисодиёт

Ҳиндистоннинг Гужарат штати бош вазири Вижай Рупани бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари, йирик бизнес субъектлари, ишбилармон доира вакиллари, шунингдек, Ҳиндистондаги 50 дан зиёд компания масъул ходимлари иштирок этди.
 
Кейинги йилларда Ҳиндистон Ўзбекистоннинг муҳим стратегик шерикларидан бирига айланди. 2019 йилнинг биринчи ярмида икки мамлакат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 164 миллион 300 минг долларни ташкил этди. Бугун юртимизда Ҳиндистон ишбилармонлари иштирокидаги 191 корхона фаолият юритмоқда, шундан 26 таси тўлиқ ҳинд капитали асосида ишлайди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг саъй-ҳаракатлари, дўстона ва конструктив мулоқотлари самарасида юзага келган ушбу яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
 
Ҳиндистоннинг энг йирик минтақаларидан бири бўлган Гужарат штати ишбилармон доиралари, етакчи бизнес субъектлари вакилларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифидан ҳам айнан шу мақсадлар кўзланган. Меҳмонлар тўрт кун давомида Андижон, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри тадбиркорлари, йирик корхоналар вакиллари билан учрашди.
 
– Мамлакатингиз вилоятларида ўтказилган самарали мулоқотларимизнинг мантиқий якуни сифатида ташкил этилган бизнес- форум икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очишига ишонаман, – деди Вижай Рупани. – Азалий дўст мамлакатларимиз ўртасидаги жўшқин муносабатлар ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш имконини бермоқда. Бунинг учун тадбиркорларимизда иштиёқ кучли. Энг муҳими, Ўзбекистон тадбиркорларни, хорижий сармоядорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётир, қулай бизнес муҳитини яратиш учун зарур чоралар кўрилмоқда.
 
Бизнес-форум доирасида бўлиб ўтган икки мамлакат ишбилармон доиралар вакиллари иштирокидаги В2В учрашувида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди. Мулоқот давомида томонлар Ҳиндистоннинг заргарлик буюмлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, қуёш панеллари, сут маҳсулотлари, тўқимачилик буюмлари ишлаб чиқариш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, туризм, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, муҳандислик, нефть-кимё, суғориш тизимлари, сув ва қуёш энергиясидан фойдаланиш сингари кўплаб йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борди.
 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться