Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қўшма тадбирлар ўтказиш келишувига эришилди
2019-10-22 | Сиёсат
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ташриф доирасида Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Кёко Накаяма билан учрашди.
Учрашувда Япония ҳукумати ва тадбиркорлари Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида олиб борилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотларга юқори баҳо бериши таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасида парламентлараро ҳамкорлик кенгайиб бораётганидан, жумладан икки мамлакат парламентлари аъзолари ўртасида ўзаро ташрифлар сони кўпайганлигидан мамнунлигини билдирди.
К.Накаяма Ўзбекистон парламентидаги ўзгаришларга ижобий баҳо бериб, жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайлов уюшқоқлик билан халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқ равишда ўтишига ишонч билдирди.
Маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Маданий хусусиятга эга лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, жумладан модалар, концертлар, кўргазмалар ташкил этиш имкониятлари муҳокама этилди. 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида қўшма тадбирлар ўтказиш масалаларини ишлаб чиқиш ҳақида келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати