Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқи
2019-10-22 | Жамият
Ахборот тарқатиш технологиялари ривожланган бугунги замонда аҳоли учун зарур маълумотларни уларга ўз вақтида холис, ҳаққоний ва ишончли манбалар орқали етказиш долзарб саналади.
Айниқса, миллионлаб фойдаланувчилар учун ахборот макони саналган Интернетда маълумотлар алмашинуви дақиқа сайин янгиланишини инобатга олсак, ишончли хабарни ажратиб олиш ва унинг асл манбасини аниқлаш жуда мушкулдир.
Қозоғистон Республикасиниг Нур-Султон шаҳрида “Интернет тармоғида муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш: муаммолар ва истиқболлар" мавзусида ўтказилган семинарда қатор масалалар муҳокама қилинди.
Семинарда БИМТ, Европа, АҚШ, Россия, Белорусия, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат идоралари вакиллари ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро экспертлар иштирок этдилар.
Икки кунлик семинарнинг кун тартибида Интернет қароқчилик, рақамли муҳитда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларнинг ҳуқуқий асослари ва фуқаролик ҳуқуқлари, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги замонавий суд амалиёти, муаллифлик ҳуқуқини ҳурмат қилишни таъминлаш бўйича ихтиёрий чоралар, Интернет-воситачиларнинг жавобгарлиги каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги вакили “Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисида" маъруза билан қатнашди.
Ойбек Сайидумаров, Интеллектуал мулк соҳасини таҳлил қилиш ва ривожлантириш бўлими бош мутахассиси:
— Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар бузилишининг энг кенг тарқалган турларига қуйидагиларни киритиш мумкин: нусха олиш (китоблар, мақолалар, картиналарни қайта кơпайтириш); асарни тарқатиш (ижара, сотув, дастурий таъминотни ơрнатиш ва б.); оммавий намойиш қилиш; асарларни консерт заллари, театр кабиларда оммавий ижро этиш; уни радио, телевидение сингарилар орқали эфирга узатиш; асарни бошқа тилларга таржима қилиш; асарни қайта ишлаш (плагиат). Буларнинг тўлиқ рўйхатини келтиришнинг ҳам иложиси йўқ. Нега десангиз, ҳуқуқбузарлар замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ўзлаштиришнинг янгидан-янги йўлларини топишмоқда. Қайд этиш лозим, Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги муносабатлар Фуқаролик кодекси, "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тơғрисида"ги "Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида"ги қонун ва бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Албатта, бу каби тадбирларни ўтказилиши халқаро амалиётни чуқур ўрганиш ва тажриба алмашиш орқали интеллектуал мулк соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг замонавий технологияларини миллий соҳага татбиқ қилиш имкониятини яратади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги