Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Исроилнинг уч шаҳрида “Чойхона” фестивали бўлиб ўтди
2019-10-22 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатимизнинг Исроилдаги элчихонаси билан ҳамкорликда 15-17 октябрь кунлари Ашдод, Рамла ва Лод шаҳарларида “Чойхона” фестивалини ташкил қилди. Тадбирларда Ўзбекистоннинг Исроилдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Хай Давидов, консул Салоҳиддин Арибходжаев ҳамда юқорида номлари келтирилган шаҳарлар мэрлари, шунингдек 1000дан зиёд киши қатнашди.
“Чойхона” фестивалида Ўзбекистон давлат филармониясининг “Лазги” ансамбли ҳам иштирок этиб, тадбирга байрамона руҳ бағишлади. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон делегацияси вакилларига қўшилиб ўзбекча куй-қўшиқларга рақсга тушишди ва умуман фестивалдан завқ олиб, келгусида шу каби тадбирларни янада кўпайтириш ва Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдиришди. Қўмита вакилларининг Исроил шаҳарларига ташрифи доирасида у ердаги ватандошлар билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Улар билан сўнгги йилларда юртимизда туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда сайёҳлар учун яратилаётган қулайликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Исроилдаги ватандошларимиз Ўзбекистонга саёҳатни тарғиб қилишга доир ташаббусларни қўллаб-қувватлашга доим тайёр эканликларини билдиришди. Тадбирлар якунида фестиваль меҳмонлари ўзбек ва исроил миллий таомлари билан сийланди.
Шу билан бирга, Исроил шаҳарлари маъмуриятларига Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг эсдалик совғалари топширилди. "Кўрсатилаётган эътибор ва бундай қўллаб-қувватлаш учун Исроил халқи, шунингдек, Рамла, Лод ва Ашдод шаҳарлари мэрлари номидан номидан Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига катта миннатдорчилик билдираман. Истеъдодли санъаткорларингизнинг чиқишлари томошабинларимизга жуда манзур бўлди. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларим орқали сизлар томонингиздан ўтказилаётган тадбирлар видеороликлари билан бўлишиб, юртингизнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш менга завқ бағишлайди", - деди Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Хай Давидов.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Исроил давлатидан Ўзбекистонга ташриф буюраётган туристлар сони 2018 йилнинг илк тўққиз ойида 7586 кишини ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг илк 9 ой ҳолатига кўра уларнинг сони 11234 нафарга етиб, 48 фоизлик ўсишни қайд этди. Ўзбекистон-Исроил муносабатларини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган бу каби тадбирлар икки давлатнинг маданий-туризм алоқаларини ривожлантириш, диёримизга келувчи сайёҳлар сонининг янада ошиши йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги