Жорий йилнинг 16 ноябрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ахборот технологиялари бизнеси ва юқори технологияли тармоқларда тадбиркорлик маданиятини ривожлантиришга бағишланган ItConf.Asia халқаро форуми бўлиб ўтади.
Тадбирда дунёнинг 15 мамлакатидан ахборот технологиялари, тадбиркорлик, стартапларни яратиш ва ривожлантириш соҳалари бўйича 26 нафар машҳур мутахассис чиқиш қилади. Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Хитой, Жанубий Корея ва АҚШнинг инновацион тадбиркорлик бўйича назариётчи ва амалиётчилари маъруза ва тадқиқотларини тақдим этади.
Улар замонавий рақамли таълим, сунъий идрок, интернет-тижорат ва блокчейн технологияларини ривожлантириш, маркетинг соҳасида тажриба алмашиш масалалари бўйича ўз қарашлари билан бўлишади, янги ташкил этилган компаниялар сармоядорлар ва инвестициялар топишда дуч келадиган муаммоларни таҳлил қилади.
Тошкентдаги ItConf.Asia форумида маҳаллий ва хорижий сармоядорлар, Ўзбекистондаги ахборот технологиялари бўйича тадбиркорлар, давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари жам бўлади.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА
Манба: ЎзА