Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё тараққиёт банки вице-президенти Ш.Чен билан учрашув бўлиб ўтди
2019-10-21 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон делегациясининг Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси бошқаруви кенгашининг йиллик мажлислари майдонида Осиё тараққиёт банки вице-президенти Ш.Чен билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув соғлиқни сақлаш, таълим, сув ресурсларини бошқариш ва ирригация, аграр соҳа, сув таъминоти ва канализация тизими қурилиши ва реконструкцияси, энергетика ҳамда молия сектори каби устивор йўналишларни қамраб олган ҳолда Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорлик муҳокамасига бағишланди.
Банк раҳбарияти арзон турар-жойлар, уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, автомобиль ва темир йўлларни қуриш ҳамда электрлаштириш дастурларини амалга оширишда эришилган сезиларли ютуқларни қайд этди ва мамлакатда 2019-2021 йилларга мўлжалланган амалиётлар бўйича Бизнес-режа ва Шериклик стратегиясини қабул қилиш ҳисобига тизимли ҳамкорликка ўтилгани билан қутлади.
Мулоқот чоғида асосий эътибор бу йил Ўзбекистон раислигида ўтказилаётган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги тадбирларига, шунингдек, жорий йил ноябрь ойида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлигининг вазирлар даражасидаги конференциясида Осиё тараққиёт банки президенти Т.Накаонинг иштироки истиқболларига қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш учун истиқболли йўналишларни белгилаб олдилар ва шерикликнинг самарадорлигини таъминлашга биргаликдаги саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги