Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро валюта жамғармасининг фармойиш берувчи директори этиб тайинланган К.Георгиева билан учрашув бўлиб ўтди
2019-10-21 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 19 октябрь куни Инвестициялар ва савдо вазири С.Умурзаков Халқаро валюта жамғармасининг фармойиш берувчи директори этиб тайинланган К.Георгиева билан учрашди.
Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Ўзбекистоннинг улкан ресурс ва демографик салоҳиятга эга давлат эканлигини эътироф этиб, ислоҳотлар жараёнига юқори баҳо берди. Мамлакат ҳукумати томонидан молия ташкилотлари ва хорижий инвесторлар билан ўзаро муносабатларга оид танланган йўналиш ҳозирги шароитда жадал ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръати учун мақбул эканлигини таъкидлади.
Бу борада макроиқтисодий ислоҳотлар, хусусан, давлат корхоналари сектори ва банк тизимини янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро валюта жамғармаси раҳбарияти Республика иқтисодиётининг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга ахборот ва маслаҳат кўмагини кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди. Шу муносабат билан яқин истиқболда Тошкентга доимий вакилни юбориш масаласи кўриб чиқилади.
Учрашув якунлари бўйича келгуси алоқаларнинг қатор амалий масалалари ишлаб чиқилди ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлиги механизмлари муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги