Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегациясининг Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Президенти Цзинь Лицюнь бошчилигидаги раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди
2019-10-21 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 19 октябрь куни Вашингтонда Ўзбекистон делегациясининг Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Президенти Цзинь Лицюнь бошчилигидаги раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва лойиҳаларни амалга ошириш кўриб чиқилди ва таҳлил этилди.
Томонлар Бухоро вилоятида инфратузилмавий қурилиш лойиҳаларида (сув таъминоти, канализация тизимлари, йўлларни қайта қуриш) эришилган ютуқларни ижобий баҳоладилар. Ҳозирги пайтда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам лойиҳаларни қамраб олган ҳолда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг иккита миссияси Ўзбекистонда жадал суръатда ишламоқда.
Шунингдек, Жаҳон банки билан биргаликда қишлок жойларни ободонлаштириш дастури бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш муҳокама қилинди. Бу масалалар борасидаги музокаралар аллақачон олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолини иссиқ сув ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш сифатини сезиларли оширишга имкон берувчи замонавий тежамкор технологияларни татбиқ этиш ва иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича комплекс лойиҳаларга Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ресурсларини жалб этишни инобатга олиб, келгуси ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ушбу лойиҳаларни Европа инвестиция банки билан ҳамкорликда амалга ошириш таклиф этилди.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқаруви кенгашининг 2024 йилдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш истиқболлари алоҳида муҳокама этилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар келгуси ҳамкорликнинг устивор йўналишларини қайд этдилар ва қўшма ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш тўғрисида келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги