2019 йил 18 октябрь куни ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида “Ўзбек тилшунослигининг долзарб муаммолари” мавзусида республика илмий-назарий конференцияси ўтказилди.
Конференция “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан ташкил этилди. Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.Абдувахитов очиб берди. ЎзР ФА президенти Б.Юлдашев табрик сўзига чиқиб, конференция иштирокчиларига муваффақиятлар тилади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид тилнинг миллат ривожидаги ўрни масаласида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. ЎзР ФА академиги Т.Мирзаев ҳам табрик сўз билан чиқиш қилди.
Мазкур конференция республикадаги етакчи тилшунос олимлар, ўзбек тилини ўқитаётган педагог кадрлар ва тилшуносликка энди қадам қўйган ёш мутахассисларни жамлади.
Конференция иши ялпи мажлис ва шўъбалар кўринишида ташкил этилди. Унда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми, ўзбек тили вазифавий услублари тараққиёти, ўзбек терминологиясини тартибга солиш муаммолари, ўзбек луғатчилигининг тараққиёт тамойиллари, ўзбек шеваларининг миллий-маданий хусусиятлари, ўзбек тили тарихи, ўзбек бадиий услуби ривожида шоир ва ёзувчиларнинг ўрни каби масалалар муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси