Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитасига сайланди
2019-10-18 | Сиёсат
2019 йилнинг 17 октябрь куни Сербиянинг Белград шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясида Ўзбекистон вакили Акмал Саидов 2020-2023 йилларга Иттифоқ Ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди.
1889 йилда ташкил этилган Парламентлараро Иттифоқ энг аввал ташкил топган халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади. Унинг қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. Парламентлараро Иттифоқ дунё парламентарийларининг асосий халқаро органи сифатида қарийб 180 мамлакатни бирлаштиради. Иттифоқ Ижроия қўмитаси ташкилот доирасидаги 6 та геосиёсий гуруҳларнинг барчасини намоён қилувчи 18 нафар аъзодан ташкил топади ва маъмурий орган вазифаларини бажаради.
Мамлакатимизнинг Женева шаҳридаги Доимий ваколатхонаси берган маълумотга кўра Иттифоқнинг Евроосиё гуруҳидан Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмита раиси Акмал Саидов номзоди илгари сурилди ва Белград шаҳрида бўлиб ўтган сайловда ташкилотга аъзо барча мамлакатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Қайд этиш жоизки, Акмал Саидовнинг бундай юқори лавозимга сайланиши парламентаризмни мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг ҳақиқий демократик ривожланишини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини англатади.
Иттифоқ Ижроқўмига аъзолик Ўзбекистонга халқаро парламент ҳамкорлиги кун тартибини шакллантиришда иштирок этиш имконини беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги