Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий таълим сифатини такомиллаштиришда БАА тажрибасидан фойдаланилади
2019-10-18 | Таълим
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 17-19 октябрь кунлари Тошкентда Бирлашган Араб Амирликларининг таълим соҳасидаги бир гуруҳ мутахассислари иштирокида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.
17 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида семинар-тренинг тантанали равишда очилди. Семинарни Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълими вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов очиб берди.
Мазкур семинар-тренинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларининг молиявий ва техник ёрдамини жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5480-сон Фармойиши билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да қайд этилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Тадбирда юртимизда мавжуд барча олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этмоқда. Унда БАА таълим вазирлиги мутасаддилари, Рабдана академияси, Абу-Даби ва Заида университетларининг етакчи профессорлари томонидан махсус тренинг машғулотлари уч йўналишда ўтказилади. Хусусан, олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, олий таълим муассасаларини аккредитациялаш, олий таълимда инновацион ва тадбиркорликка йўналтирилган ўқув дастурларини жорий этиш сингари гуруҳларда мазкур соҳага оид кўплаб саволлар ўз жавобини топади.
Ўз навбатида барча хорижлик меҳмонлар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мисолида юртимиз ОТМларида ёшларга яратилган шароитлар, талабаларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва замонавий таълим шаклларининг ўзбек миллий педагогикаси билан уйғунлиги ҳақида умумий тасаввурга эга бўладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги