Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазири инглиз юридик компанияларини Ўзбекистонда ваколатхона очишга чақирди
2019-10-17 | Жамият
Тошкент шаҳрида «English Law Day in Tashkent» («Тошкентда инглиз ҳуқуқи») халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Адлия вазири Руслан Давлетов хорижлик ҳуқуқ вакилларига адвокатура соҳасида олиб борилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
«Кўп адвокатлар томонидан давлат органлари уларнинг фаолиятига аралашиши бўйича шикоятлар бўлган. Кўп шикоятлар ўринли ҳам бўлган. Ўтган йили Адлия вазирлиги адвокатура соҳасида кўплаб ваколатларидан воз кечди. Булардан мисол қилиб, адвокат лицензиясини бекор қилишдир. Бу ҳуқуқни биз судларга бердик. Жараён янада мураккаблашди. Аввалари Адлия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳам шундай ваколатга эга эди. Айни вақтда бу Олий малака комиссиясининг хулосаси асосида очиқ суд мажлисида ташкил этилади», – дея Адлия вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазир ўз чиқишида адвокатлар ва ҳуқуқий консультация соҳалари икки тармоққа ажратилгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
«Ҳуқуқий консультация бериш борасида лицензия тартиби бекор қилинди. Энди консультация беришда лицензия олиниши шарт эмас, Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтиш кифоя. Бунинг учун минимал талаблар қўйилган. Бу ишлар дарров самарасини берди. Хитой, АҚШ, Россия юридик компаниялари ўз офисларини очишди. Мисол қилиб, Duan & Duan, Yingke, White and Case, Dentons каби халқаро юридик компанияларни айтиш мумкин.
Биз инглиз дўстларимизни ҳам Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очишга чорлаб қоламиз. Ўзбекистон очилишда давом этмоқда. Соҳа бўйича мамлакатда катта салоҳият мавжуд», – дейди вазир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги