Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар марказида Ўзбекистон – Корея ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Жанубий Кореянинг Хвасон шаҳридаги йирик компаниялар вакиллари ва маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди.
Корея Ўзбекистоннинг ишончли савдо ва инвестициявий шерикларидан бири. Мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам савдо ҳамкорлиги ўрнатилган бўлиб, ҳудудлараро ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилмоқда. Хусусан, бугунги кунда Фарғона вилоятида кореялик ишбилармонлар сармояси иштирокида 30 дан зиёд қўшма корхона фаолият юритмоқда. Фарғона вилояти ва “Инчеон” эркин иқтисодий зонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. 2019-2020 йилларда Жанубий Корея инвестициялари ҳисобидан вилоятда қарийб 239,4 миллион долларлик 10 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Айни кунларда барча соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур делегациянинг ташрифидан мақсад ҳам Фарғона вилояти ва Хвасон шаҳри ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборат. Делегация таркибида автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, косметика каби соҳаларда фаолият кўрсатаётган ишбилармон доиралар вакиллари бор.
Бизнес-форумда Ўзбекистонда, хусусан, вилоятда яратилган қулай инвестиция муҳити, “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси фаолияти ҳақида маълумот берилди. Фарғона вилояти ва Хвасон шаҳри Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Меҳмонлар вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Абдураҳмонов билан учрашди. Вилоят ҳокимлигининг қабуллар уйида бўлиб ўтган мулоқот чоғида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик кўлами янада кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, вилоятда қурилиш, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тиббиёт, таълим соҳаларида ҳам истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити кореялик ишбилармонларни тобора ўзига жалб қилмоқда. Учрашувда Жанубий Кореянинг Хвасон шаҳри савдо-саноат палатаси раиси Пак Сунг Квен нуфузли компаниялар, ишбилармонлар Фарғона вилоятида янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўймоқчи эканини билдирди. Хусусан, “Dongbang B&H Co.,Ltd”, “Kumkang Transformers”, “Taesung Metal”, “HANSIN E&C Group” каби компаниялар лойиҳалари янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.
Шунингдек, меҳмонлар Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети, “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишди.
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
Манба: ЎзА