Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Замонавий ҳарбий можаролар халқаро экспертлар муҳокамасида

2019-10-16 | Хавфсизлик соҳаси

Замонавий ҳарбий можаролар: мазмун ва олинган сабоқлар. Тошкентда шу мавзуда илмий-амалий халқаро конференция ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида ЕХҲТ шафелигида ташкил этилган мазкур анжуманда Беларусь, Буюк Британия, Германия, Италия, Корея Республикаси, Озарбайжон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Ҳиндистон, Хитой ва Қозоғистон олий ҳарбий таълим муассасалари вакиллари, БМТ, ЕХҲТ, НAТО, ЮНИСЕФ. МДҲ, ШҲТ, Халқаро Қизил хоч, Жорж Маршалл номидаги Европа хавфсизлик масалаларини ўрганиш маркази, AҚШ миллий мудофаа университети қошидаги Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё стратегик тадқиқотлар маркази экспертлари иштирок этди.
 
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор сўзга чиқди.
 
– Ўзбекистон кўп томонлама ҳамкорликка асосланган ва, энг аввало, Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда, – деди Б.Қурбонов. – Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги устувор мақсадлари ичида жамият фаровонлиги ва ҳаёт даражасини оширишга қаратилган тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бирламчи аҳамият касб этади.
 
Мамлакатимиз халқаро терроризмга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга Ўзбекистон ҳарбий можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори.
 
Aнжуман ялпи мажлиси кун тартибидан замонавий ҳарбий можаролар ва келажак урушларининг моҳияти ва ўзига хос хусусиятлари, Aфғонистон, Яқин Шарқ ва Корея ярим оролидаги вазият ҳамда Ўзбекистоннинг ҳарбий можаролар олдини олиш бўйича ташаббусларига оид масалалар ўрин олди.
 
Бугунги кунда жаҳондаги ҳарбий сиёсий вазият мураккаб характерга эга бўлиб, геостратегик қайта шаклланиш жараёни фаоллашиши ҳамда минтақавий, глобал хавфсизликнинг янги тизими ўрнатилиши таъсирида ривожланмоқда. Халқаро ҳамжамият ҳарбий можароларни бартараф этишнинг таъсирчан формуласини топишга уринмоқда.
 
Иштирокчиларнинг қайд этишича, жаҳонда тинчлик ўрнатиш тартибининг янги модели, глобал ва минтақавий хавфсизлик тизимларини шакллантириш жараёни ҳануз давом этмоқда. Айни жараёнда дунёнинг АҚШ (717 миллиард доллар), Хитой (250 миллиард доллар), Россия (70 миллиард доллар), Покистон (11 миллиард доллар) каби давлатлари ҳарбий харажатлари миқдори ҳам ошиб бормоқда.
 
Яна бир муҳим масала борки, бу глобал тинчликнинг таркибий қисми бўлган минтақавий барқарорликдир. Бугунги кунда Яқин Шарқ ва Корея ярим ороли, Афғонистон каби қайноқ нуқталардаги вазиятни тинчлик сари йўналтиришда жаҳон мамлакатлари БМТ доирасида янги ташаббусларни илгари суришлари лозим.
 
Хорижий экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукуматининг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни жадал ривожлантириш, Афғонистонда вазиятни яхшилаш, халқаро терроризмга қарши кураш ҳамда Оролбўйи минтақаси экологиясини тиклаш бўйича ташаббуслари ибратга лойиқ.
 
Ялпи мажлисдан сўнг анжуман ўз ишини тегишли йўналишлар бўйича шўъбаларда давом эттирди.
 
Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться