Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда биринчи вақф меҳмонхонаси очилиши бўлиб ўтди
2019-10-15 | Сиёсат
Сурхондарё вилоятида жойлашган Ҳаким Термизий зиёратгоҳи яқинида фаолияти зиёрат туризмини ривожлантиришга йўналтирилган янги меҳмонхонанинг очилиш маросими ўтказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ушбу вақф меҳмонхонасини очиб берди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди ахборот хизмати хабарига кўра, янги меҳмонхонада зиёратчилар учун барча қулайликларга эга шарт-шароитлар яратилган бўлиб, замонавий услубда жиҳозланганлиги қайд этилди. Мазкур меҳмонхона 70 ўринга эга бўлиб, юқори хизмат кўрсатувчи қулайликларга эга люкс ҳамда ярим люкс хоналарни ўз ичига олади.
Меҳмонхона ҳудудида бир чойхона ва бир ресторан мавжуд, бу эса ҳам дам олувчилар, ҳам йўловчилар учун хоҳлаган вақтда келиб тановул қилиш имкониятини яратади.
Меҳмонхонанинг Тошкент-Термиз халқаро магистрал йўлининг яқинида жойлашганлиги Исо Термизий, Султон Саодат, Кампиртепа, Фаёзтепа ҳамда Ҳаким Термизий зиёратгоҳ ва тарихий ёдгорликларига тезда етиб олиш имконини беради. Меҳмонхонанинг очилиш маросимида вилоятдаги 30 нафар ногиронлиги бўлган кишиларга ногиронлик аравачалари топширилди. Вақф меҳмонхонасида мусулмон сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир хонага Қуръони карим, жойнамоз қўйилиши ва Қибла кўрсатгичи ўрнатилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, келгусида меҳмонхонани ҳалол стандартига мос ҳолатга келтириш кўзда тутилган. Меҳмонхона фаолиятидан келиб тушган маблағлар вақф мулкларини тасарруф этиш ҳамда хайрия мақсадлари учун ишлатилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги