Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Очиқ шикоятга муносабат
2019-10-15 | Жамият
2019 йилнинг 12 октябрь куни “Dunyouzbeklari.com” интернет тармоғига жойлаштирилган “Ҳеч ким авария бўлай деб йўлга чиқмайди” сарлавҳали шикоят хати ўрганиб чиқилди.
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг маълумотига кўра, жорий йилнинг 8 сентябрь куни соат тахминан 14:30ларда шикоят муаллифи С.Юлдашев бошқарувидаги давлат рақами 01 Т 606 КА бўлган “Эпика” русумли автотранспорт Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Амир Темур кўчаси ҳамда “Шаҳрисабз-Қарши 4Р79” йўлларининг кесишган чорраҳасида светафорнинг қизил чироғига тўхтаб турган давлат рақами 70 R 351 NA бўлган “Ласетти” русумли автомашинанинг орқа қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Ҳайдовчилар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 137-моддасида кўрсатилган талабни бузган ҳолда воқеа содир этилган жойдан кетиб қолишган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳодиса жойга юборилган йўл-патруль хизмати ходимлари қоидабузарларни тумандаги “Ўз” қишлоғи ҳудудида жойлашган авто таъмирлаш устахонасида бўлганликларини ҳамда юқорида кўрсатилган иккита автотранспорт воситаси техник шикастланган ҳолатда эканлигини аниқлаганлар.
Шундан сўнг ички ишлар органлари ходимлари томонидан тегишли тартибда текширув ишлари амалга оширилган. Ўз навбатида С.Юлдашев ўз хизмат бурчини бажараётган ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларни ҳақоратлаб, жамиятда юриш-туриш қоидаларига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этган. Шу ўринда С.Юлдашевнинг “мастлик ҳолати”да бўлганлиги Яккабоғ тумани наркология диспансерининг хулосаси билан тасдиқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Натижалари ўрнатилган тартибда йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиларига етказилади.
Айтиб ўтиш жоизки, “Йўл ҳаракати қоидалари”га зид равишда ҳодиса содир этилган жойни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, уларни ҳақорат қилиш каби ҳаракатлар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради.
Ички ишлар вазирлиги фуқароларимиздан “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъий риоя этишларини ҳамда ўз хизмат бурчини бажараётган ходимларга нисбатан ҳурматда бўлишларини сўраб қолади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги