Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар иштирок этади

2019-10-14 | Сайлов

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар фаолияти масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда МСК аъзолари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Семинар аввалида жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларни ташкилий жиҳатдан юқори савияда, очиқ-ошкоралик тамойиллари асосида ўтказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтилди. Иштирокчилар “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар” шиори остида ўтказиладиган сиёсий тадбирларнинг энг устувор йўналишлари хусусан, Сайлов кодекси ва ундан ўрин олган 30 дан ортиқ янги нормаларда ўз ифодасини топган кўплаб ўзгаришларнинг мазмун моҳияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ҳақида сўз юритдилар.

Бугун Ўзбекистонда маҳалла нуфузи тобора ортиб, унинг мавқеи мустаҳкамланиб боряпти.

Президентимизнинг 2017 йилда имзолаган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармони Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга кенг йўл очди.

Янги сайлов кодексига биноан 22 декбарда бўлиб ўтажак сайловларда ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштирок этишига рухсат берилиши маҳаллага бўлган эътиборнинг янада кучайтирилаётганидан далолат.

Бугун эса, ушбу қуйи бошқарув органлари вакиллари уйғун тамойил—Парламент қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этадилар. Бу сайловларни очиқ ва ошкора, демократик принципларга мос ўтишида муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда ушбулар эътироф этилди ва маҳалладан сайловларда қатнашадиган кузатувчиларга янги қабул қилинган кодексдаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, тадбирда халқаро кузатувчиларнинг тафсиялари асосида мамлакатимиз демократик сайлов тизимида илк маротаба фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар иштирок этиш мумкинлиги алоҳида қайд этилди. Марказий сайлов комиссиясининг “Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ маҳаллий кузатувчиларга ҳам халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар кузатувчилари билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланади. Кузатувнинг мақсади – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.

Сайлов комиссиялари кузатувчининг мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлишлари мумкин. Манфаатдор ташкилотлар, жумладан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловга камида 15 кун қолгунга қадар мурожаат қилиши мумкин.

Округ сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризасини олгандан кейин беш кун ичида қарор қабул қилади ва кузатувчи учун Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган намунадаги мандатни беради. Кузатувчининг ваколат муддати унга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.

Сўз семинар Иштирокчиларига:

– Маҳалла ҳамжиҳатлик маскани. Инсонларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллиги, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги фаол иштирок этиши ҳам ўзини ўзи бошқариш органларидан бошланади. 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда бизнинг вакилларимиздан кузатувчиларнинг иштирок этиши – бу уларда мамлакат тараққиётига бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш, маҳаллага бўлган яна бир ишонч намунасидир.

Семинарда таъкидланганидек, кузатувчи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари ва низомларига амал қилиши лозим.

Манба: Марказий сайлов комиссияси

Поделиться