Қарши шаҳрида эркаклар ўртасида теннис бўйича "Фьючерс" турнирининг ҳал қилувчи ўйинида иқтидорли теннисчимиз Ҳумоюн Султонов қозоғистонлик Беибит Жукаевга қарши кортга чиқди.
Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Халқаро теннис федерацияси ва мамлакатимиз теннис федерацияси томонидан ташкил этилган ушбу мусобақада вакилларимиздан ташқари, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Грузия, Украина каби давлатлардан келган теннисчилар ўзаро куч синашди.
Мусобақанинг яккалик баҳсларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Ҳумоюн Султонов дастлаб беларуслик Александр Лианенкани иккинчи даврада, ёш теннисчимиз Олимжон Набиев чорак финалда қозоғистонлик Тимур Хабибулинни ва ярим финалда рус теннисчиси Александер Игошинни мағлубиятга учратиб финалга йўл олди.
Сўнгги ҳал қилувчи учрашувда Ҳумоюн қозоғистонлик Беибит Жукаевга қарши кортга чиқди ва 6:2, 6:1 ҳисобида зафар қучди. Унга бу ғалаба мусобақа бош совринини тақдим этди.
Мусобақанинг жуфтлик баҳсларида ҳамюртимиз Санжар Файзиев ва қозоғистонлик Тимур Хабибулин ғалабага эришди. Улар бош соврин учун ўтган ўйинда Ҳумоюн Султонов ҳамда россиялик Антон Чехов тандемини 7:6, 6:4 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа Қарши шаҳрида ўтган мусобақани муваффақиятли якунлаган теннисчиларимиз энди, шу ҳафта давомида Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” теннис мажмуасида ўтадиган “Фьючерс” туркумига кирувчи турнирга йўл олади.
Шунингдек, мазкур мусобақада Ҳумоюн Султонов ва Санжар Файзиевдан ташқари, 20 нафарга яқин теннисчимиз иштирок этади.
Манба: ЎзА