Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси иши якунланди
2019-10-14 | Сиёсат
Олий Мажлис Сенати аъзолари йигирма учинчи ялпи мажлис кун тартиби доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларида қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилдилар.
Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 21 июндаги тегишли қарори билан бу парламент сўрови Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилди. Сўровга 2019 йил 20 августда берилган батафсил жавобда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилганлиги қайд этилмоқда. Жумладан, тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда академик лицейларда илғор педагогика технологиялари асосида ўқитишни ташкил этиш, битирувчилар бандлигини таъминлаш, мазкур таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда белгиланган мақсадли вазифаларда Ўзбекистон Республикасининг битта Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бир нечта қарорлари ҳамда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритиш назарда тутилган.
Сўнгра сенаторлар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар.
Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 4 майдаги тегишли қарори билан ушбу парламент сўрови Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилди.
2019 йил 3 августда берилган батафсил жавобда мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирлар қайд этилди. Хусусан, парламент сўровида баён этилган талабларни бажариш бўйича тегишли чора-тадбирлар режаси, шу жумладан аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг, юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш тадбирлари тасдиқланди. Уларнинг ўз вақтида ижро этилиши назорат остига олинди. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси судьяларининг махсус кийими тавсифи ва намунасини кўриб чиқдилар ҳамда тасдиқладилар.
Сўнгра Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар, унинг якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси чоғида 31 та масала, шу жумладан 19 та қонун, Вазирлар Маҳкамасига оид 4 та парламент сўрови кўриб чиқилди.
Йигирма учинчи ялпи мажлис фаолияти биринчи марта онлайн режимда Олий Мажлис Сенатининг расмий сайти орқали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида трансляция қилинди. Ялпи мажлисни ёритиш учун Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати томонидан мамлакатимиз ва хориж оммавий ахборот воситаларининг 130 нафардан зиёд вакили аккредитация қилинди.
Сенаторлар томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари демократик ислоҳотлар ва янгиланишларни изчил амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга, шунингдек халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлиги таъкидланди. Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси устидан парламент, депутатлар ва жамоачилилик назорати янада кучайтирилиши назарда тутилмоқда.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати