Транспорт вазирлигидан хабар беришларича, транспортнинг барча турлари ва йўл хўжалиги ривожланиши учун муҳим бўлган “Ўзбекистон Республикаси транспорт тизимини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси” ишлаб чиқилди.
– Унда қайси чорраҳаларда тирбандлик юз бераётгани, бу йўналишларда янгича лойиҳаларни кўллаш ҳам назарда тутилган, – дейди Транспорт вазирлиги департамент бошлиғи Рустам Рўзметов. – Ўрганиш ишларига хорижлик мутахассислар жалб этилди. Айни вақтда синов тариқасидаги ишлар Тошкент шаҳрида бошланди. Кейинчалик бошқа йирик шаҳарларимизда ҳам тирбандликни бартараф этишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ана шунда тирбандлик муаммоси бартараф этилади.
Ҳозирда аҳолини сифатли автотранспорт хизматлари билан таъминлаш, қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳар, вилоят ва туман марказлари билан боғлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 74 янги йўловчи ташиш автомобиль йўналиши ташкил этилди. “Фарғона-Андижон”, “Фарғона-Наманган” ва “Фарғона-Бешариқ” шаҳарлараро йўналишлари шулар сирасидандир.
2019 йилнинг учинчи ва тўртинчи чорагида 22 автостанция ва автовокзал қуриш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилган. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Наманган вилоятларида қурилган ҳамда Андижон ва Наманган вилоятларидаги автовокзал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Андижон, Бухоро, Сирдарё, Қашқадарё, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида қурилиш ишлари давом этмоқда.
Қайд этиш жоизки, январь-август ойларида автомобиль транспорти, темир йўллари, ҳаво йўллари ва электротранспортда 766,9 миллион тоннани юк ташилди. Йўловчи ташиш ҳажми эса – 3 миллиард 982 миллион йўловчини ташкил этди. Тадбиркорларга яратиб берилган солиқ ва божхона имтиёзлари натижасида ташувчилар 609 автобус, шундан 383 та “Исузу” русумли ва 226 та “Yutong” русумли автобуслар харид қилди.
Манба: ЎзА