Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2019-10-14 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Мамлакатда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини яхшилаш, шу мақсадда грантлар, техник кўмак ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини (кейинги ўринларда – грантлар) фаол жалб этиш, Ўзбекистон Республикасига беғараз ёрдам бераётган хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ҳукумат ҳамда ноҳукумат ташкилотлари, чет эл компаниялари, ташкилотлари ва жамғармалари (кейинги ўринларда – донорлар) билан яқин шериклик муносабатлари ўрнатиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, донорлар билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга ошириш мониторинги, шунингдек, уларнинг мақсадли кўрсаткичларига эришишни назорат қилиш тизимининг етарли даражада эмаслиги жалб этилаётган грантларнинг ҳажмларини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш имконини бермаяпти.
Ташқи беғараз кўмакни жалб қилиш ва ўзлаштириш тизимини янада такомиллаштириш, соҳада олиб борилаётган ишларнинг миллий манфаатлар ва устуворликлар билан уйғунлигини таъминлаш, грантлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва ҳисобга олишнинг ягона тизимини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикасининг донорлар билан ҳамкорлик қилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Қуйидагилар грантлардан самарали фойдаланиш комплекс тизимини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
грантлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ва натижадорлигини баҳолаш, аниқ соҳаларнинг ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда ушбу секторлардаги тартиб-таомилларни уйғунлаштириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалалари юзасидан донорлар билан доимий мулоқотнинг барқарор платформасини шакллантириш;
иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ва ижтимоий соҳага грантларни жалб этиш бўйича мавжуд имкониятлар ва ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш, донорлик салоҳиятига эга бўлган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро яқин алоқалар ўрнатиш;
тегишли иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришда жалб этилаётган грантларнинг мамлакат манфаатлари ва миллий устуворликлар билан уйғунлигини таъминлаш;
грантларни жалб этиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил қилиш учун давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда мансабдор шахсларининг шахсий масъулиятини ошириш, грантлардан мақсадсиз фойдаланишнинг олдини олиш бўйича давлат молия назорати органларининг профилактика ишларини кучайтириш;
грантлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг муддатларига риоя қилиш ва кутилаётган амалий натижаларга эришиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда парламентнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ролини, шунингдек, фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш;
жалб этилаётган грантларни мувофиқлаштириш бўйича ягона ахборот тизимини ташкил қилиш, ташқи беғараз кўмак йўналишларини ва қўлланиш соҳаларини таҳлил қилиш усулларини автоматлаштирган ҳолда, ушбу лойиҳаларни электрон ҳисобга олиш ва ҳисобини юритиш учун шарт-шароитлар яратиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) грантлар ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилаётган лойиҳа ташаббусларини ишлаб чиқиш, дастлабки саралаш ва келишиш жараёнларини мувофиқлаштириш, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини ҳисобга олиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишни таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг донорлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин.
3. Белгилансинки:
давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари (кейинги ўринларда – лойиҳа ташаббускорлари) бир лойиҳа бўйича қиймати 100 минг АҚШ доллари ва ундан кўпроқ бўлган грантларни Вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш ва донорлар билан ҳамкорлик қилиш дастурларига (кейинги ўринларда – Дастурлар) киритган ҳолда жалб этади;
Дастурлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш давлат дастурларини, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларни, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларини, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ҳисобга олган ҳолда Вазирлик томонидан шакллантирилади;
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари билан биргаликда ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга ошириш учун салоҳиятли хорижий донорларни жалб этишда Вазирлик, лойиҳа ташаббускорлари, тармоқлар ва ҳудудларга ёрдам беради;
лойиҳа ташаббускорлари ўзларига тааллуқли қисмида ташқи беғараз кўмак лойиҳаларининг ўз вақтида ишлаб чиқилиши, уларнинг Дастурларга киритилиши учун тақдим этилиши, лойиҳа ҳужжатлари сифатли тайёрланиши, шунингдек, грантлар тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида ўзлаштирилиши учун барча тадбирларнинг сўзсиз ва сифатли бажарилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда лойиҳа ташаббускорлари томонидан грантларни жалб этиш тўғрисидаги битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ харажатларни (мажбурий тўловларни тўлаш, рухсатнома берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш, товарларни ташиш, кузатиш ва сақлаш, ускуналарни монтаж қилиш, созлаш, йиғиш, ўрнатиш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар) қоплаш учун маблағларни назарда тутади ва уларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги грантлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш юзасидан тизимли чораларни кўради.
4. Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Комиссиясининг техник кўмагини мувофиқлаштириш бюросини (кейинги ўринларда – ЎзБюроКЕС) тугатиш ва унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, штат бирликлари ва мулки (бино ва иншоотлари)ни Вазирликка топшириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
5. Вазирликнинг марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимларининг сони 11 нафардан иборат бўлган Ташқи беғараз кўмакни мувофиқлаштириш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) ташкил этилсин.
Белгилансинки, Департаментнинг штат бирликлари ЎзБюроКЕСнинг 7 дона штат бирлиги ҳамда Вазирликнинг умумий штатлар сони ҳисобига шакллантирилади.
6. Қуйидагилар:
Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш ва донорлар билан ҳамкорлик қилиш дастурларини шакллантириш, тасдиқлаш ва амалга ошириш схемаси 1-иловага мувофиқ;
2019-2020 йилларда донорлар билан ишлаб чиқиладиган устувор ташқи беғараз кўмак лойиҳалари рўйхати (кейинги ўринларда – Рўйхат) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлик, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
Рўйхатга киритилган ташқи беғараз кўмак лойиҳалари бўйича ҳужжатларни якуний келишиш, маъқуллаш ва расмийлаштириш бўйича зарур тартиб-таомиллар бажарилишини таъминласин;
донорлар билан ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини молиялаштириш ва амалга ошириш билан боғлиқ барча муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича ишларни фаоллаштирсин.
7. Вазирлик 2020 йил 1 августга қадар, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи “Ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини электрон тарзда келишиш, мониторинг қилиш ва ҳисобга олиш” ахборот тизимини (кейинги ўринларда – Ахборот тизими) ишлаб чиқсин ва жорий этсин:
Дастурларни шакллантириш, келишиш ва ҳисобга олиш жараёнларини рақамлаштириш;
ташқи беғараз кўмак лойиҳаларининг муддатларига риоя этилиши
ва мақсадли кўрсаткичларга эришилиши устидан мониторингни амалга ошириш;
ҳамма учун ишонарли ва очиқ бўлган, жалб қилинган ва ўзлаштирилган грантларнинг ҳажми ва йўналишлари, донорларнинг маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган жорий лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги ҳамда грантлар билан боғлиқ бошқа барча маълумотларни шакллантириш;
лойиҳа ташаббускорларига ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини жалб этиш ва самарали амалга ошириш, лойиҳаларнинг паспортларини ва лойиҳа ҳужжатларини сифатли тайёрлаш масалалари бўйича, шунингдек, донорларга эса грантларни ажратиш географияси ва йўналишлари тўғрисида онлайн-маслаҳатлар бериш.
Вазирлик 2020 йил 1 февралга қадар Ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни молиялаштириш учун грантлар жалб этилишини таъминласин.
8. Белгилансинки:
лойиҳа ташаббускорлари бир лойиҳа бўйича қиймати 100 минг АҚШ долларидан ошмайдиган грантларни мустақил равишда жалб этади ва донорлар билан музокараларни олиб боради, бунда грантлар жалб этилишини назарда тутувчи битимларнинг нусхалари Вазирликка мажбурий тартибда юборилади;
давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига келиб тушган донорларнинг лойиҳа ташаббуслари нусхалари уларнинг кўриб чиқилиши устидан мониторингни амалга ошириш учун нусхалар келиб тушган кундан бошлаб бир кун ичида Вазирликка мажбурий тартибда юборилади;
2021 йил 1 январдан бошлаб Дастурларни келишиш, шакллантириш
ва тасдиқлаш Ахборот тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади.
9. 2019 йил 1 декабрдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:
Ўзбекистон Республикасига донорлар делегациялари ташрифларини ва уларнинг расмий шахслар билан учрашувларини ташкил этиш, шунингдек, республика ҳудудларига сафарлар ташкил қилиш масалалари бўйича сўровларни Ташқи ишлар вазирлигига олдиндан юбориш муддати 30 иш кунидан 15 иш кунигача қисқартирилади;
грант олувчилар томонидан банк ҳисобварақларидан кўчирмаларни, шунингдек, техник кўмак маблағлари тўғрисида ахборот ва идоравий ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигига тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;
грант олувчилар ҳар чоракда (ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан) Вазирликка олинган ва ўзлаштирилган грантлар ҳамда амалга оширилаётган ташқи беғараз кўмак лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни Вазирлик томонидан белгиланадиган шакл бўйича тақдим этади;
давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига ташқи беғараз кўмак лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаганлик ҳамда тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга эришганлик учун грантларни жалб этиш ва ўзлаштиришда бевосита иштирок этган ходимларга нисбатан ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, грантлар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш минимал миқдорининг ўн беш бараваригача, аммо ўзлаштирилган грант суммасининг икки фоизидан ошмайдиган миқдорда бир йўла мукофотлаш тарзидаги рағбатлантириш чораларини қўллаш ҳуқуқи берилади;
лойиҳа ташаббускорларига грантларни жалб этиш тўғрисидаги битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ харажатларни бюджетдан ташқари жамғармалар, маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноз кўрсаткичлари орттириб бажарилган қисмидан бўшаган қолдиқлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қоплаш ҳуқуқи берилади.
10. Белгилаб қўйилсинки:
а) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Вазирлик ёки лойиҳа ташаббускорлари – бюджет ташкилотларининг буюртманомаларига кўра Дастурларга киритилган лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш визаларини консуллик йиғимларини ва амалдаги харажатларни қоплаш ҳисобига йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини ўрнатилган тартибда таъминлайди;
б) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Вазирлик ёки лойиҳа ташаббускорлари – бюджет ташкилотларининг буюртманомаларига кўра Дастурларга киритилган лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассислар учун давлат божи ундирилмаган ҳолда кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, улар яшаб турган жойда вақтинча пропискага қўйилиши ва вақтинча прописка муддати узайтирилишини ўрнатилган тартибда таъминлайди;
Дастурларга киритилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида харид қилинган транспорт воситалари мажбурий тўловлар ва йиғимлар ундирилмаган ҳолда рўйхатга олинишини таъминлайди, автомототранспорт воситасини рўйхатга олиш тўғрисидаги гувоҳнома ва давлатнинг рўйхатга олиш рақам белгилари учун тўловлар бундан мустасно.
11. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дастурларга киритилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида кириб келаётган дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техникага нисбатан давлат реестрига киритмасдан ва ўрнатилган йиғимларни ундирмаган ҳолда дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техника бир марталик давлат рўйхатига олинишини ва рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилган дори воситаларини рўйхатга олиш натижаларини тан олиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
12. Белгилансинки, ушбу Фармон билан назарда тутилган имтиёз ва преференциялар тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар суммаси, башарти донорлар билан битимларда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга оширишга қўшадиган ҳиссаси ҳисобланади.
13. Ташқи беғараз кўмакни жалб этиш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил қилинсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
донорлар билан доимий мулоқот платформасини шакллантириш, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини молиялаштириш ва амалга ошириш билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этишда ёрдам кўрсатиш;
Ўзбекистон Республикасининг донорлар билан ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаш, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳамкорлик географиясини кенгайтириш ва молиялаштиришнинг янги салоҳиятли манбаларини излаш бўйича тизимли ишлар олиб бориш;
ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини келишиш ва ишлаб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва механизмларини такомиллаштириш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
ҳар ой давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг грантларни жалб қилиш ва уларнинг ҳажмларини кўпайтириш, донорлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича қилинган ишлар тўғрисида, шунингдек, ҳар олти ойда – Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларининг ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи ходимларининг ҳисоботларини тинглаш.
14. Вазирлик:
а) икки ой муддатда жалб қилинаётган грантларнинг самарадорлигини баҳолаш бўйича илғор халқаро тажрибани, шу жумладан, Вазирлик мутахассисларининг хорижий мамлакатларга сафарини ташкил қилган ҳолда ўргансин ва амалиётга жорий этилишини таъминласин;
б) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, донорлар вакилларини ва малакали хорижий мутахассисларни мазкур жараёнга фаол жалб этган ҳолда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ходимлари орасида грантларни жалб этиш ва улардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича мунтазам асосда семинарлар ва тренинглар ўтказсин;
в) қуйидагилар:
грантлар жалб қилиш ва ўзлаштириш соҳасидаги малакали мутахассислар, шунингдек, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга ошириш доирасида тайёргарлик, қайта тайёргарликдан ўтган ва малака оширган шахслар;
ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга ошириш доирасида ўтказилган тадқиқотлар натижалари, уларнинг якунлари бўйича тузилган ҳисоботлар, маърузалар, маълумот ва таҳлилий материаллар ҳамда бошқалар тўғрисидаги маълумотлар базасини қонунчиликка мувофиқ шакллантирсин ва доимий асосда янгилаб борсин;
г) ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга ошириш якунлари бўйича қўлга киритилган ижобий тажриба иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг тегишли тармоқларида кенг татбиқ этилишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига
4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари
5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
17. Вазирлик манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
Ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги, шу жумладан грантлар ҳисобига молиялаштириш таклиф этилаётган устувор ва истиқболли лойиҳаларни танлаб олиш мезонларини, шунингдек, Дастурларни шакллантиришда Вазирлик ва лойиҳа ташаббускорлари ўртасида юзага келадиган келишмовчиликларни ҳал қилиш механизмларини назарда тутувчи низомни;
гуманитар ёрдам олиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш жараёнини соддалаштириш ва муддатини қисқартириш ҳамда “гуманитар ёрдам” тушунчасини қайта кўриб чиқиш чораларини кўрган ҳолда Гуманитар ёрдам юкларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, манзилли тақсимлаш ва мақсадли фойдаланиш устидан назорат олиб бориш ҳамда гуманитар лойиҳаларни мониторинг қилиш тартиби тўғрисида низомнинг янги таҳририни;
қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Ғуломов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 10 октябрь
Манба: ЎзА