Танзила Норбоева: “Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига барҳам берилмоқда”
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Мажлисда маъруза қилган Сенат раиси Танзила Норбоева мамлакатимиз иқтисодиёт соҳасидаги ўзгаришлар бўйича мулоҳазаларини билдириб ўтди.
– Янги босқичидаги ислоҳотлар қисқа муддатда янгиланган Ўзбекистоннинг жозибадор қиёфасини дунёда намоён этди, – деди Т.Норбоева. – Мамлакатимизнинг барқарор тараққиёт йўлидаги одимлари, халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи юксалиб бораётгани, аҳоли фаровонлигининг муттасил ошаётгани жаҳон жамоатчилиги томонидан самимий эътироф этилмоқда. Бу жиҳатни ўтган ялпи мажлисдан кейинги ғоят қисқа муддатда Сенат аъзоларининг халқаро даражада ўтказган мулоқотлари ҳам яна бир карра тасдиқлади.
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясида бўлиб ўтган Ёшлар учун меҳнат соҳасидаги келажак: ёшлар бандлигини тарғиб қилиш бўйича стратегик ҳамкорлик мавзусида ўтказилган кенгаш доирасидаги мулоқотларимиз давомида нуфузли халқаро ташкилотлар ва давлат вакиллари Ўзбекистон Президентининг янги ташаббуслари, жумладан бешта муҳим ташаббус доирасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Маърузачи, шунингдек, мамлакатимизда гендер тенгликни ҳамда оналар ва болалар муҳофазасини таъминлаш борасидаги янгича ёндашувлар жаҳон жамоатчилиги эътибори ва эътирофида эканини алоҳида қайд этди.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича ташлаган амалий қадамлари кейинги йиллардаги оламшумул янгилик сифатида баҳоланди.
Буюк Британияга амалга оширилган ташриф давомида ушбу давлатнинг сиёсий, илмий доиралари вакиллари, жумладан, Буюк Британия парламенти аъзолари Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар самараларини алоҳида эътироф этди. Японияга амалга оширилган ташриф эса ушбу мамлакат билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасида истиқболли лойиҳаларни янада пухта ишлаб чиқиш имконини берди.
Таъкидланишича, Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко мамлакатимизга амалга оширган ташрифи давомида юртимиздаги ҳаётбахш ислоҳотлар натижаларига юксак баҳо берди ва Ўзбекистон-Россия муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни изчил ривожлантириш борасидаги интилиши қатъий эканини тасдиқлади.
А.Мусаев, ЎзА
Манба: ЎзА