ЖЧ-2022 САРАЛАШ: Яман устидан қозонилган ғалаба Фаластин мағлубияти ярасига малҳам бўлди
Мухлислар ушбу ўйинни икки хил кайфиятда кутишгани аниқ. Биринчидан, миллий терма жамоа билан бир йил давомида бирга бўлган, кўплаб йиғинлар ўтказган ва шунча маротаба ўртоқлик учрашувларида иштирок этгани билан майдонда ҳеч қандай услуб, усул, тактика ўзгармаганлиги учун бу ҳолат яна давом этармикан дея шубҳаланган мухлислар бўлгани каби, термадаги янги ислоҳотлар самараси ўлароқ янги бош мураббий Вадим Абрамовнинг тажрибасига, айниқса, унинг футболчиларни руҳан тайёрлай олиш қобилиятига ишонганлар кўпчиликни ташкил этарди.
Учрашувнинг бошиданоқ, жамоалар ҳали майдонга кўникиб улгурмасидан тўп меҳмонлар дарвозаси тўрига бориб тушди. Ўнг қанотдан Жамшид Искандаров Ҳамдамовга чиройли пас узатди, Достонбекнинг оширган тўпини эса Санжар Қодирқулов тўхтатмасдан дарвозага йўллади. Иккинчи тўп ҳам кўп куттирмади. Чап қанотдан Фаррух Сайфиевнинг ҳаволатиб оширган тўпини Элдор Шомуродов боши билан Яман дарвозасини нишонга олди - 2:0. Иккинчи бўлимдаги голларни Жамшид Искандаров бошлаган бўлса, Ислом Тўхтахўжаев давом эттирди, учрашувнинг сўнгги дақиқаларида эса анчадан бери мухлислар меҳрини қайта қозонишга интилаётган Игорь Сергеев ўйиндаги йирик ҳисобга нуқта қўйди.
Йирик ҳисобнинг қайд этилишида янги бош мураббийнинг аҳамияти катта бўлдими ёки рақиб яманликлар ҳақиқатдан ҳам шунчалик кучсизмиди, деган саволни ўртага ташлашга шошилмаймиз. Бунинг жавобларини кейинги ўйинлардан излаганимиз маъқулроқ.
ЎЗБЕКИСТОН – ЯМАН — 5:0
10 октябрь. "Пахтакор" стадиони.
Ҳакамлар: Ҳанна Ҳаттаб, Муҳаммад Каззаз (иккаласи ҳам Суриядан), Айман Файзал Ҳамзе Обеидат (Иордания).
Ўзбекистон: Элдор Суюнов, Фарруҳ Сайфиев (Икром Алибоев, 74), Рустам Ашурматов, Ислом Тўхтахўжаев, Хожиакбар Алижонов, Санжар Қодирқулов, Жамшид Искандаров (Одил Аҳмедов, 57), Жалолиддин Машарипов, Отабек Шукуров, Достонбек Ҳамдамов, Элдор Шомуродов (Игорь Сергеев, 78).
Яман: Салим Авад, Ал Ҳамри, Ал Радаеи (Муҳаммад Салим, 85), Алаеддин Маҳди, Аҳмад Ал Сарори, Омар Ал Даҳи, Абдулвасеа Ал Матари, Аҳмад Маҳер (Ал Ворафи, 48), Носир Ал Гахваши, Муфед Жамол, Эмад Мансур (Фуад Омар, 70).
Голлар: Санжар Қодирқулов (2), Элдор Шомуродов (33), Жамшид
Искандаров (53), Ислом Тўхтахўжаев (72), Игорь Сергеев (90).
Огоҳлантириш: Отабек Шукуров (75) - Ал Ворафи (50).
Назоратчи - Жассим Муҳаммад Ал Ҳаил (Қатар)
Комиссар - Меи Чиат Си (Малайзия).
Жавохир ТАШХОДЖАЕВ, корр.УзА
Манба: ЎзА