Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЕХҲТга аъзо давлатларнинг доимий вакиллари делегацияси билан учрашув
2019-10-10 | Сиёсат
2019 йилнинг 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган элчилар - Вена шаҳридаги ЕХҲТ ҳузуридаги аъзо давлатларнинг доимий вакиллари делегацияси билан учрашди.
Ўзбекистонга шу шаклдаги илк бор ташриф билан келган элчиларнинг нуфузли делегациясини самимий қутлаб, Илҳом Неъматов мамлакатимизнинг ЕХҲТ билан унинг фаолиятидаги уч ўлчам бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини тасдиқлади.
Учрашувда Ўзбекистоннинг ташкилот билан ҳамкорлиги ижобий ривожланаётгани қайд этилди. Хусусан, жорий йил май ойида мамлакатимизга ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Словакия ташқи ва Европа ишлари вазири Мирослав Лайчак ташриф буюрди. Шу йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлисига бўлиб ўтадиган сайловни кузатишда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлиқ миссияси иштирок этиши кутилмоқда.
2017 йилда қабул қилинган 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш ҳаракатлар стратегиясига мос равишда амалга оширилаётган Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатидаги кенг кўламли ислоҳотлар ва чуқур ўзгаришлар элчилар томонидан юқори баҳоланди. Мазкур консептуал ҳужжат Ўзбекистоннинг демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш борасидаги қараши ҳисобланади.
ЕХҲТ ҳузуридаги доимий вакиллар минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланишига, давлатлараро ишонч даражасининг сезиларли ошишига, анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларининг мустаҳкамланишига олиб келган мамлакатимизнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватладилар. Бугун минтақа давлатлари ўта таъсирчан масалаларга ечим топа олишди, савдо ҳажмлари ошмоқда, турли даражадаги алоқалар чуқурлашмоқда.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги