Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
GPE халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги координатори “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди
2019-10-09 | Таълим
Таълим соҳасида глобал ҳамкорлик (Global Partnership in Education) халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги координатори Хоа Тран Рингроуз таълим муассасаларига кўрсатган беғараз ёрдами учун Халқ таълими вазирлигининг “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Жорий йилнинг 9 октябрь куни Таълим соҳасида глобал ҳамкорлик (Global Partnership in Education) ташкилотининг Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё округига кирувчи мамлакатларнинг биринчи минтақавий учрашуви доирасида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Хоа Тран Рингроузга Ўзбекистонда таълим соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси учун “Таълим ҳомийси” кўкрак нишонини топширди.
Таъкидлаш лозимки, Global Partnership in Education 2013-2018 йилларда таълим сектори режасини амалга ошириш учун 49,9 млн. АҚШ доллари миқдорида грант ажратган бўлиб, ушбу ҳамкорлик доирасида 2019-2023 йилларда ҳам юртимизда таълим соҳасини ривожлантириш учун $10 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, Таълим соҳасида глобал ҳамкорлик ташкилоти (GPE) 2002 йилда ташкил этилган ва унинг асосий мақсади глобал ҳамда миллий даражада сифатли таълимга ёшларни тенг қамраб олишни таъминлашдан иборатдир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги