Театр шунчаки оддий томоша эмас, тарбия, маънавият, маърифат маскани. Унда ҳар бир томошабин ўз-ўзига четдан, ташқаридан назар солиш, хатти-ҳаракатларини қайта таҳлил ва идрок этиш имконига эга. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан нашр этилган "Ўзбекистон театрлари" китоб-альбоми мамлакатимиз ижодий жамоаларини наинки Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам муносиб тақдим этишда, таништиришда аҳамиятлидир.
Мазкур янги китоб-альбом тақдимотига маданият ва санъат намояндалари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар, журналистлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси раиси Ёқуб Аҳмедов ва бошқалар миллий театр санъатимиз ривожи йўлида кўрсатилаётган катта эътибор санъатнинг ушбу йўналиши ходимларининг самарали ва сидқидилдан меҳнат қилишида асосий омил бўлаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорида театрларни ривожлантириш, жамоатчиликда театр санъатига бўлган қизиқишни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳадаги устувор вазифалар белгилаб берилган. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 2018-2019 йилги театр мавсумининг ўзида кўплаб халқаро ва республика миқёсидаги театр санъати фестиваллари, конференциялар, илмий-амалий семинарлар, саҳна асарлари танлови ўтказилди. Шу йили Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Театрларни ривожлантириш бошқармаси қошида жорий репертуардаги спектакллар тасвирга олиниб, алоҳида видеотека яратилди. Барча театрларнинг сайтлари янгланиб, уч тилда юритилмоқда. Театр музейлари ташкил этилиб, соҳага оид ишларни давр билан ҳамқадам йўлга қўйиш мақсадида хориждан мутахассислар таклиф этилди. Жорий йилнинг март ойида ташкил этилган "Театр томошалари ҳафталиги" ижодий лойиҳаси халқимиз томонидан катта қувонч, қизиқиш, олқишлар билан кутиб олинди.
Мамлакатимизда мавжуд 37 профессионал театрдан тўрттаси академик унвонга эга. Ҳар бир ижодий жамоа тасдиқланган режага асосан йилига тўрттадан, жами 150-160 га яқин янги спектакль саҳналаштиради. Театрлар умумий ҳисобда қарийб ўн мингга яқин спектакль намойишини ўтказади. Шу билан бирга, кам таъминланган оилалар, Меҳрибонлик ва Нуронийлар уйларида яшовчи ҳамда имконияти чекланган томошабинлар учун хайрия спектакллари, Янги йил томошалари тақдим этилади. Бугунги кунда юртимиз театрларида 811 номдаги спектакль мавжуд. Ижодий жамоалар репертуарида турли ёш, дид ва қизиқишга эга томошабинлар қатламларига мўлжалланган трагедия, драма, комедия жанрларида жаҳон ва ўзбек мумтоз асарлари намуналари, тарихий ва замонавий мавзулардаги асарлар мавжуд.
– "Ўзбекистон театрлари" китоб-альбоми бир йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди, – деди Маданият вазирлигининг Театрларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муқаддас Аҳмаджонова. –Ўзбекистон театрлари юз йилдан ортиқроқ даврдаги тарихни акс эттиради. Шу боис китоб-альбом тайёрлашдек масъулиятли ва мураккаб жараён ғоят қийин кечди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 31 май куни қабул қилинган "Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича яратилган ушбу китоб-альбомда юртимиздаги 37 профессионал театр, уларнинг репертуари, фаолияти, ижодкорлари ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида батафсил ҳикоя қилинади.
Рангли фотосуратлар китоб-альбомнинг жозибадорлиги ва ўқишлилигини янада кўпроқ таъминлашга хизмат қилган. Ушбу нашрни юртимиз театрларининг ўзига хос ташриф қоғози, юзи, маърифий қиёфаси, деб аташ ҳам мумкин. У наинки ҳамюртларимиз, санъат ўқув юртларига кириш истагидаги ёшлар, балки хорижликлар учун ҳам Ўзбекистонимизнинг театр жамоалари ҳақида тўлақонли маълумот бериши билан аҳамиятлидир.
Тадбирда таъкидланганидек, аслида театр санъатимизнинг бир асрдан кўпроқ изланиш ва ютуқларини, босиб ўтган машаққатли ижод йўлини биргина китоб-альбомга сиғдириб бўлмайди. Лекин ўзбек театр санъати ҳақида муайян тасаввур ҳосил этиш, хулоса чиқариш ва ибрат олиш йўлида ушбу жамланма ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА
Манба: ЎзА