Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент Декларациясида бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилган
2019-10-08 | Жамият
Пойтахтимизда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги Йиллик 6-семинари ниҳоясида Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо мамлакатларида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент Декларацияси қабул қилинди. Мазкур муҳим ҳужжатда акс этган, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси томонидан намоён этилган ташаббускорлик, етакчилик мавқеи барча аъзо давлатлар, нуфузли халқаро ташкилот ва тузилмалар томонидан эътироф этилди.
Тошкент Декларациясида халқаро даражада ва ИҲТга аъзо мамлакатлар томонидан ёшлар ҳуқуқларини тўла таъминлаш йўлида келгусида амалга ошириладиган бир қатор муҳим ташаббуслар баён этилган.
Анжуман давомида Ислом таълимоти ва халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига мувофиқ, ёшлар ҳуқуқларини чуқурроқ тушуниш, теран идрок этишни рағбатлантириш учун ташкилотга аъзо давлатлар ва ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ИҲТ Бош котибияти, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, Статистика, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар ҳамда ислом мамлакатлари учун кадрлар тайёрлаш маркази ва Исломий ҳамкорлик ёшлар форумининг ёшлар ҳуқуқларини илгари суришдаги ўрни ва ҳиссаси беқиёс экани таъкидланди. Ушбу ташкилотларга барча даражаларда ёшлар ҳуқуқлари аҳамиятини ошириш учун сиёсатчилар, экспертлар тақдим этиш, хусусий сектор ва фуқаролик жамиятлари хабардорлигини оширишга қаратилган мақсадли салоҳиятни ошириш дастурларини ишлаб чиқиш тавсия этилди.
Манба: ЎзА