Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Ўзбекистонда Қозоғистон йилига бағишланган “Қозоғистон тасвирий санъати” кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова, Қозоғистон Республикаси рассомлар уюшмаси раиси Умирбек Жуманиязов икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Бу каби маданий-маърифий лойиҳалар эса ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, янги-янги асарлар билан танишиш имконини бериши, шубҳасиз.
Қозоғистон рассомларининг асарларида икки чизги устуворлиги кўзга ташланади. Улардан бири, янги замонавий воқеликда миллий анъаналарни англашга интилиш бўлса, иккинчиси, бугун Қозоғистон жамиятини тўлқинлантираётган масалаларнинг долзарблигига эътибор қаратишдир. Зеро, биринчи йўналиш қозоқ санъатида доим асосий ўрин тутган бўлса, иккинчи тенденция сўнгги йилларда бадиий майдонга чиқиб, қозоқ усталари ижодида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.
Кўргазма экспозициясидан Қозоғистоннинг турли ҳудудлари – Олмаота, Туркистон вилояти, Чимкент, Павлодар, Орал ва Қарағандадан 38 нафар қозоқ рассомининг 114 та асари ўрин олди. Қозоқнинг қалбидек кенг дашту далалар, бепоён кенгликлар, ҳаёт, умр мазмуни, самимий инсоний туйғулар қардош халқ рассомлари ижодида устуворлик касб этгани билан диққатга сазовордир. Бу каби кўргазмалар мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ва рассомлар ижодини янги, қизиқарли ғоялар билан бойитиш, тажриба алмашишга хизмат қилади.
Н.УСМОНОВА, Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА