Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Uzbekistan Research Online – ОТМ илмий журналлари дунёга юз тутмоқда
2019-10-08 | Таълим
7 октябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан яратилган Ўзбекистон Республикаси илмий журналлари рецензиядан ўтказилувчи рақамли платформа – Uzbekistan Research Online`нинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Мазкур платформа университетларнинг халқаро рейтингга кириш ва ўзбек фанини кенг жаҳон илм оламига танитиш имконини беради. Лойиҳа доирасида халқаро техник стандартларга мос келувчи, рецензиядан ўтказилувчи юртимиз ОТМларининг илмий журналлар бутун дунёнинг 700 дан ортиқ етакчи университетлари томонидан фойдаланиладиган Digital Commons Network глобал тармоғига интеграциялашади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Elsevier компанияси (Нидерландия) ўртасида тузилган битимга кўра, компания мутахассислари томонидан юртимиз ОТМлари илмий журналларни бирлаштирган ҳамда икки марта аноним рецензиядан ўтказиш (double-blind peer review) конфигурациясини қўллаш имкони мавжуд бўлган ноёб платформа яратилди.
Мазкур платформадан дунёнинг нуфузли университетлари фойдаланади. Халқаро платфморма Ўзбекистон илмий журналларининг сифатини ошириш, ўзбек фанининг репозиториясини яратиш, юртимиз олимларинингбутун жаҳон илмий ҳамжамиятга қўшилиш имконини беради, халқаро илмий омманинг ўзбек тадқиқотлари билан танишишини таъминлайди ҳамда Scopus халқаро стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастлабки электрон ресурс сифатида тарихда қолади.
Илмий журналлар рецензиядан ўтказилувчи рақамли платформанинг ишга туширилиши олий таълим муассасалари илмий журналларининг SCOPUS илмий-техник ахборотлар базасига киришидаги дастлабки сезиларли қадам ҳисобланади. Вазирлик ва Elsevier компанияси ўртасидаги ҳамкорлик меморандумига кўра илмий журналлар бош муҳаррирларининг малакаси оширилди, нашрларнинг дизайни ва логотиплари яратилди, талаб этилган ISSN рақамларини қайддан ўтказилиб, иқтибос келтирилувчи мета-маълумотлар форматида илмий мақолалар репозиторияси яратилди.
Uzbekistan Research Online ташкил этилиши Ўзбекистон илм-фанининг жаҳонга юз тутишида стратегик муҳим қадам ҳисобланади, – деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов. – Бу имконият олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини оширишга ҳисса қўшади, илмий журналларнинг рақобатбардошлигини таъминлайди, қолаверса, маҳаллий олимларни бутун дунёга кўрсатиш имкониятини беради. Илм-фанда халқаро интеграция учун сифатли майдон яратиш орқали Ўзбекистон Марказий Осиёнинг илм-фан ва таълим бўийча хаби айланиш сари ишончли қадам ташлади.
Bepress Президенти Жан-Габриель Банкиер www.uzjournals.edu.uz платформасининг ишга тушиши билан ўзбек олимларнинг илмий ишлари дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатларида тўрт юз мартага яқин юклаб олинди. Бу бошланиши, холос дея қайд этди.
Маълумот учун, Bepress – дунё миқёсида илмий журналларнинг электрон платформаси, жумладан рецензиядан ўтказиш конфигурацияларини яратиш бўйича барча хизматларни кўрсатувчи етакчи компания ҳисобланади. Компания 1999 йилда ташкил қилинган бўлиб, дастлаб Berkeleypress номи билан танилган ва дунё миқёсида 1 000 дан ортиқ университетларга хизмат кўрсатади, жумладан АҚШ нинг 90% дан ортиқ университетларини қамраб олган. 2017 йилдан бошлаб Elsevier компанияси таркибига киритилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги