Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Япония Халқаро Ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти К.Кошикава билан учрашув
2019-10-07 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 4 октябрь куни ҳукумат делегацияси ташрифининг якунида Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Япония Халқаро Ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти К.Кошикава билан учрашди. Мулоқот чоғида ҳамкорликдаги ташаббусларни амалга оширишнинг бориши ҳар томонлама кўриб чиқилди, айрим лойиҳалар бўйича шартлар қайта кўриб чиқилди ва JICA билан 1999 йилдан буён йўлга қўйилган ўзаро муносабатларнинг ривожланиш суръати таҳлил қилинди.
К.Кошикава Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўзгаришларнинг юқори суръатини алоҳида таъкидлаб, ҳамкорликни ривожлантиришнинг келгуси истиқболларини ижобий баҳолади. Унинг сўзларига кўра, бу янги молиявий ресурслар ва грантларни жалб қилиш ҳамда уларни энергетика, технологиялар, мева-сабзавот, инфратузилмавий қурилиш, урбанизация, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳаларда янги, кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириш учун қулай муҳит яратади.
Шунингдек, япониялик ҳамкорлар истиқболли лойиҳавий таклифларни тайёрлашга етакчи тадқиқот институтларини жалб қилиш ҳамда ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни молиялаштириш учун муқобил механизмларни кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдиришди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг устивор йўналишларини белгилаб олдилар ва жадаллаштирилган қўшма саъй-ҳаракатлар юзасидан келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги