Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эксперт-криминалистика соҳа вакилларининг касбий малакасини ошириш юзасидан ўқув машғулотлари ўтказилди
2019-10-07 | Хавфсизлик соҳаси
Ҳозирда мамлакатимиздаги эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимлари билимини юксалтириш, амалиёт ва таълим тизимида инновацион ёндашувлар ҳамда замонавий ўқитиш услубларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари бу борадаги ишлар барқарор олиб борилишида ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Жумладан, эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимларининг ҳодиса жойларини кўздан кечириш ва бошқа тергов ҳаракатларида, тезкор-қидирув тадбирларида қатнашиш йўналишидаги фаолиятида юзага келаётган тизимли камчилик, муаммоли вазиятлар ҳамда уларнинг илмий ва амалий ечимлари таҳлили асосида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази, ИИВ Академияси ва Тошкент шаҳар ИИББ Эксперт-криминалистика марказларининг ўзаро ҳамкорлигида эксперт-криминалистларнинг билимини ошириш бўйича илғор услубий комплекс ва ўқув дастурлари яратилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан қабул қилган «Эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимлари билан ўқув машғулотларини ўтказиш тўғрисида»ги Фармойишига мувофиқ икки ҳафта давомида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика бош марказининг криминалистик ва махсус экспертиза лабораториялари, ИИВ Академиясининг Криминалистик полигони ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказларида ўқув йиғини ташкил этилди.
Унда республикамиздаги эксперт-криминалистика бўлинмаларида хизмат олиб бораётган ходимлардан 20 нафари иштирок этди. Уларга Ўзбекистон Республикаси ИИВ Эксперт-криминалистика бош марказидан подполковник Б.Рахматов, катта лейтенант Н.Рашидов, ИИВ Академиясидан майор А.Хусанов, Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМдан подполковник Э.Шестокрилов каби етакчи мутахассис ва ўқитувчилар дарс берди.
Ўқув машғулотларида замонавий шакл ва услублардан, кўргазмали презентациялар, методик қўлланмаларидан кенг фойдаланилди. Юқори савияда ташкил этилган ўқув машғулотлари якуни бўйича қатнашчиларнинг билимлари синовдан ўтказилиб, уларга махсус сертификатлар топширилди.
Албатта, олиб борилаётган бундай тизимли ишлар эксперт-криминалистика соҳасидаги ишларни янда ривожланишига, мураккаб вазиятлар билан боғлиқ жиноий хатти-ҳаракатлар осонгина фош этилишига ҳамда кадрларининг малакасини ва имкониятини оширишга бевосита ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги