Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлат меҳнат инспекцияси Денов ва Когон туманларидаги ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борди

2019-10-07 | Жамият

Куни кеча маҳаллий интернет нашрларида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида фуқароларнинг пахта теримига мажбурий тарзда йўналтирилгани ҳамда Бухоро вилоятининг Когон туманида айни жараёнга болаларнинг жалб этилаётгани хусусида хабарлар эълон қилинди. Журналистлар воқеа жойида бўлиб, одамлар билан мулоқот қилишди, фотоматериаллар тақдим қилишди. Воқеа иштирокчиларининг аксарияти ўз хоҳишига кўра пахта даласида эканини таъкидласада, Давлат меҳнат инспекциясининг ўрганишлари айни йўналишда қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилганини кўрсатди.

Дастлаб Денов туманидаги ҳолат хусусида

Давлат меҳнат инспекциясининг Денов телекоммуникация боғланмасида ўтказган текширувларга кўра, унинг ишчилари: Х.Ботирова, Б.Қурбонов ва Д.Соатовалар пахта теримига мажбурий тарзда жалб этилган. Қонунчиликка зид ҳаракатлари сабаб ташкилот бошлиғи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмида кўрсатилган миқдорда жаримага тортилди.

Денов тумани чорвачиликни ривожлантириш  ва ветеринария бўлими бошлиғи ҳам қўл остидаги ишчиларни пахта теримига жалб қилган. Шу сабабдан унга ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 1-қисмида кўрсатилган миқдорда жарима белгиланган.

Давлат меҳнат инспекциясининг ўрганишлари Денов тумани Маданият бўлими ходимларининг пахта теримига жалб қилинмаганини кўрсатди. Маълум бўлишича, улар 30 сентябр куни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан теримчилар учун концерт дастурини уюштирган.

Шу куни Денов тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳам пахта теримига жалб қилинмаган. 30 сентябр куни улар ўзига бириктирилган ҳудудда ўзига юклатилган вазифани бажарган. 

Когондаги пахта теримига вояга етмаган болалар жалб этилганмиди?

Давлат меҳнат инспекциясининг ўрганишлари Когон тумани «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалигидаги пахта терими жараёнларига вояга етмаган мактаб ўқувчилари жалб қилинмаганини кўрсатди. Аниқланишича, болалар пахта далалари атрофида чорва моллари учун ўт терган, шунингдек ота-оналарига тушлик учун егулик олиб келган. Юртимиз қонунчилигида болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган. Шунга қарамай мазкур вазиятга беэътибор бўлгани сабаб «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалиги раҳбарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 2-қисмига биноан жаримага тортилди.

Шунингдек Давлат меҳнат инспекцияси томонидан фермер хўжаликлари раҳбарлари, ота-оналар орасида юртимизда болалар меҳнатига чек қўйилгани, айни ҳолатлар учун қонунчиликда жазо чоралари белгилангани юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.  Ўз навбатда улардан тушунтириш хатлари олинди.

Ҳолат юзасидан  Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга чора-тадбирлар кўриш ҳамда ота-оналар билан тушунтириш-профилактика ишларини олиб бориш бўйича тақдимнома киритилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги барча фуқароларимизни мажбурий меҳнатга қарши курашга чақиради.

Ҳурматли юртдошлар, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қонунга хилофдир! Агар Сизни пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлашса ёки шундай ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, dmi.mehnat.uz сайти ёки https://t.me/mehnathuquqbot Телеграм ботига мурожаат қилинг!

Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Поделиться