Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Япония давлат ташқи ишлар вазири К.Сузуки ва қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқчилик вазирининг ўринбосари Й. Кавано билан учрашувлар
2019-10-04 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Япония расмий шахслари, жумладан, давлат ташқи ишлар вазири К.Сузуки ва қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқчилик вазирининг ўринбосари Й. Кавано билан учрашди.
Давлат ташқи ишлар вазири билан олиб борилган музокаралар икки томонлама муносабатлардаги бир қатор муҳим масалаларни: япониялик ишбилармон доираларни Ўзбекистоннинг хусусий сектори билан фаол ҳамкорлик қилишга ва тематик тадбирларни ташкил этишга кўмаклашиш, ўзаро сайёҳлик оқимини кўпайтириш бўйича биргаликда иш олиб бориш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга бўлажак ташрифига тайёргарлик кўриш ва Орол ҳалокати оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукуматлараро ҳамкорликни муҳокама қилишга имкон берди.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик вазири ўринбосари билан бўлган учрашувда жорий йилнинг ноябр ойида қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни кучайтириш бўйича қўшма ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш имконияти ва тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш мақсадида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқарувчиларга йўналтирилган ҳамда ўзбекистонлик ва япониялик ишбилармонлар ва фермерлар ўртасида тажриба алмашиш тўғрисида Ўзбекистонда бизнес-семинарларни ташкил этиш ташаббуси кўриб чиқилди. Шунингдек, томонлар қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳасига илғор япон технологияларини жорий этиш ва экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида инновацион қишлоқ хўжалиги кластерларини яратиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Япония томони, икки мамлакат карантин назорати органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш орқали, ҳўл ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларининг импортини оширишга ҳам қизиқиш билдирди.
Музокаралар якунида фаол идоралараро алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича тезкор чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш орқали қайд этилган барча йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувларга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги