Тошкентда 3 октябрь куни мазкур мавзуда I республика конгресси иш бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти томонидан илк бор ташкил этилган мазкур анжуманда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан тиббиёт мутахассислари, олимлар, халқаро экспертлар иштирок этмоқда.
Икки кун давом этадиган конгрессдан мақсад кундалик ва ҳар қандай тиббий амалиётга инсоннинг репродуктив тизими касалликларини ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этишни жадаллаштиришдан иборат. Мутахассислар ўртасида тажриба ва билимлар алмашинувини таъминлайдиган бу каби анжуманлар маҳаллий тиббиёт мутахассислари касб маҳоратини оширишга ҳисса қўшади.
Амалиёт шифокорлари, акушер-гинеколог, уролог мутахассислар учун жуда фойдали бўлган тадбирда амалий жиҳатдан эркак ва аёл саломатлигига дахлдор жуда муҳим ва долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда ер юзида 30-40 фоиз оилалар бепуштликдан жабр чекмоқда. Мазкур қатлам хоҳ давлат тиббиёт муассасаси бўлсин, хоҳ хусусий клиника бўлсин, амалиёт шифокорига мурожаат қилади. Бундай ҳолатда шифокорнинг вазифаси репродуктив функция бузилишининг асл сабабини ўз вақтида аниқлаш, яъни патогеник асосланган тўғри ташхис қўйишдан иборат. Шу боис анжуманда Европа қитъасидаги йирик акушер-гинекологлар ва урологлар уюшмалари стандартлари асосидаги усулларни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Келажакда ушбу жаҳон тажрибаларини мамлакатимиз шароитларига мослаштириш талаб этилади.
Конгресснинг биринчи куни ташкил этилган ялпи мажлисда Беларусь ва Россиядан таклиф этилган тажрибали экспертларнинг маърузалари тингланди. Хусусан, Гомель давлат тиббиёт университетининг акушерлик ва гинекология кафедраси ҳамда Москва шаҳридаги “Лапино” клиник шифохонаси ва “Петровакс Фарм” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси мутахассислари ўз тажрибаларини ўртоқлашди.
Куннинг иккинчи ярмида гинекология ва урология йўналишлари бўйича ўтказилган шўъба мажлисларида Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази ва бошқа йирик тиббиёт муассасаларининг етакчи мутахассислари репродуктив саломатликнинг долзарб муаммоларига доир чиқишлар қилди.
Конгресс давомида яна бир муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда Ўзбекистон тиббиёт соҳасига репродуктив технологияларни жорий этиш арафасида турибди. Бу жараёнда амалиёт шифокорининг асосий вазифаси ўз вақтида тўғри ташхис қўйиш ва лозим бўлса, беморни зудлик билан репродуктив технологиялар қўлланиладиган клиникага жўнатишдан иборат. Сунъий равишда жараённи чўзиш, беморни амалий даволаш даражасида асоссиз умидлантириш ярамайди.
Анжуманнинг иккинчи куни хорижлик ва маҳаллий мутахассислар иштирокида эркаклар ва аёллар саломатлигига оид семинарлар ўтказилади.
Манба: ЎзА