Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида
2019-10-04 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Кейинги йилларда мамлакатимизда қадимий ва бой тарихимиз, миллий ўзлигимиз, бетакрор қадрият ва анъаналаримиз тимсоли бўлган халқ амалий санъатини ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва шу асосда Ўзбекистоннинг бу соҳадаги улкан салоҳият ва имкониятларини дунёга намоён этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги вақтда ҳунармандчилик санъати халқимиз кундалик ҳаётидан тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Мамлакатимизда ҳар йили мазкур йўналишда юздан зиёд фестиваль ва ярмаркалар, савдо кўргазмалари ва бошқа тадбирлар ўтказилаётгани ҳам шундан далолат беради.
Шаҳрисабзда мақом, Термизда бахшичилик санъатига бағишланган халқаро фестиваллар, Бухоро шаҳрида “Ипак ва зираворлар”, Марғилонда “Атлас байрами” анжуманлари ўтказиб келинаётгани, уларда дунёнинг кўплаб давлатларидан маданият ва санъат намояндалари, бу йўналишда ўзининг илмий ишлари, амалий фаолияти билан танилган олимлар ва мутахассислар иштирок этаётгани диққатга сазовордир.
Жорий йил 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилгани, Жаҳон ҳунармандлар ташкилоти томонидан ушбу шаҳарга “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” мақоми берилгани ўзбек халқ амалий санъатининг халқаро миқёсдаги юксак эътирофи бўлди.
Жаҳон халқ амалий санъатини, унинг ажралмас қисми бўлган ўзбек миллий ҳунармандчилигини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилган ана шундай эзгу ишлар ушбу бебаҳо бойликни келгуси авлодларга безавол етказиш, бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларимизни бирлаштиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаш лозим.
Ана шу омилларнинг барчасини эътиборга олиб ҳамда мамлакатимизда халқ амалий санъатини ривожлантириш, унинг миллий қадриятларимиз давомийлигини сақлаш, уларни кенг тарғиб этиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги ўрнини ва аҳамиятини янада ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Фарғона вилояти ҳокимлигининг ҳар икки йилда бир марта сентябрь ойида Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалини (кейинги ўринларда – фестиваль) ҳамда фестиваль доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги илмий-амалий конференцияни (кейинги ўринларда – Илмий-амалий конференция) ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар:
а) фестивалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистоннинг миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бой маданий меросини дунё ҳамжамияти ўртасида тарғиб этиш ва шу орқали жаҳондаги турли миллий маданият ва қадриятларни яқинлаштириш;
миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати соҳасининг халқаро обрў-эътиборини мустаҳкамлаш, “Қўқон – Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри” брендини кенг тарғиб этиш ҳамда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш;
жаҳон халқ амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ушбу бебаҳо бойликни келгуси авлодларга безавол етказиш ҳамда бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш;
ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг замонавий билимлар билан бирга, халқ амалий санъатининг назарий ва амалий жиҳатларини пухта эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиш;
б) илмий-амалий конференциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ҳунармандчилик соҳасидаги муаммоларни хорижий олимлар, эксперт ва мутахассислар иштирокида муҳокама қилиш ҳамда бу борада назарий ва амалий тажриба алмашиш;
ҳунармандчилик йўналишида фойдаланилмаётган имконият ва ресурсларни аниқлаб, соҳани ривожлантириш истиқболларини белгилаш;
ҳунармандчилик соҳасида маданий ва тарихий жиҳатдан чуқур изланишлар олиб бориш, илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва амалга оширилаётган тадқиқотлар натижаларини оммалаштириш.
3. Белгилаб қўйилсинки, фестиваль ва илмий-амалий конференция ўтказиладиган йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигининг таклифлари асосида ушбу тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ташкилий чора-тадбирларни кўзда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:
а) фестиваль ва илмий-амалий конференцияни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларга муносиб тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича манзилли “йўл харитаси”ни тегишли йил февраль ойида ишлаб чиқиб, амалга ошириш тизимини жорий этсин;
б) фестивалга иқтидорли ҳунармандлар ва истеъдодли ёшларни жалб этиш мақсадида “Мен Қўқонга бораман” шиори остида икки босқичдан иборат қуйидаги кўргазма ва кўрик-танловларни ташкил этсин:
биринчи босқич – туман (шаҳар)лар бўйича фестиваль ва илмий-амалий конференция ўтказиладиган йилнинг апрель ойида;
иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича фестиваль ва илмий-амалий конференция ўтказиладиган йилнинг июнь ойида.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси:
Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда фестиваль ва илмий-амалий конференция ўтказиладиган йилнинг февраль ойида ушбу тадбирларнинг мақсад ва вазифаларини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни;
тасдиқланган чора-тадбирлар асосида фестиваль ва илмий-амалий конференцияни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган ишларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб боришни таъминласин.
6. Қуйидаги раҳбар ва мутасаддиларга:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов – фестиваль ва илмий-амалий конференцияни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича кўзда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аккулов) – тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва уларни уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этиш ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириш;
Фарғона вилояти ҳокимлиги (Ш.Ғаниев) – Қўқон шаҳрида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, фестиваль ва илмий-амалий конференция ўтказиладиган майдон ва ҳудудларни талаб даражасида тайёрлашни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аккулов), Фарғона вилояти ҳокимлиги (Ш.Ғаниев) –фестиваль ва илмий-амалий конференция қатнашчилари ва меҳмонлар учун меҳмонхоналардан жой ажратиш чораларини кўриш;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев), Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов) – тадбирларнинг тантанали очилиш маросимини ташкилий ва бадиий жиҳатдан ҳар томонлама пухта тайёрлаш учун юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, уста ҳунармандлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорларни кенг жалб этишни таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
7. “Ўзбеккино” миллий агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда фестивални тарғиб қиладиган қисқа ва тўлиқ метражли ҳужжатли фильмларни ишлаб чиқсин ва уларнинг намойиш этилишини ташкил қилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қурилиш вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги Марғилон ва Қўқон шаҳарларини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурда 2021 йилда фестивални юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ бўлган барча зарур инфратузилма объектларини, шу жумладан, замонавий меҳмонхона қурилишини инобатга олсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси ҳунармандчилик соҳасини янада ривожлантириш борасидаги ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш мақсадида, уч ой муддатда тажрибали ҳунармандларни жалб этган ҳолда, хорижий тажрибани ўрганиб, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Гулямов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 3 октябрь
Манба: ЎзА