Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ОАВ вакиллари Навоийнинг диққатга сазовор масканларида бўлишди

2019-10-03 | Туризм

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан 25-26 сентябрь кунлари Навоий вилоятида Тадбиркорлик субъектлари ҳамда ОАВ вакиллари учун инфотур ташкил этилди. Ундан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги етакчи туристик ташкилотлар ва ОАВ вакилларини Навоий вилоятининг туристик салоҳияти ҳамда инвестицион жозибадорлиги билан яқиндан таништиришдан иборатдир.

Инфотур иштирокчилари тадбирнинг илк кунида меҳмонлар, Навоий вилояти темир йўл вокзалидан кутиб олинди ва дастурга мувофиқ туристик объекттлага ташриф буюришди. Меҳмонлар энг аввало Нурота туманидаги Синтоб этноқишлоғига етиб келишди. Ўзига хос табиати ва баланд тоғ тизмалари билан танилган ушбу қадимий қишлоқ қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлиб, айни вақтда бу ерда 545 оила истиқомат қилади. Бугунги кунда Синтоб қишлоғи ўзига хос манзаралари ва табиат мўъжизалари билан нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларни ҳам ҳайратга солиб келмоқда. Бу манзилга апрель ойидан бошлаб то ноябрь ойининг сўнгига қадар Нидерландия, Франция, Германия, АҚШ каби давлатлардан кўплаб меҳмонлар келади. Уларнинг сони ҳар йили ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида ушбу ҳудудда жойлаштириш воситалари, яъни меҳмонхона ва меҳмон уйларига бўлган талабни ошишига сабаб бўлмоқда. “Февраль ойида уйимиздан 10 ўринли оилавий меҳмон уйини очдик, – дейди Бекмурод Омонов. – Ҳовлимиздан 50 метр пастда сой оқиб ўтади ва унда жуда чиройли ҳамда бу атрофда ягона ҳисобланган катта ҳарсанг тош бор. Унинг ёнидаги супадан атрофдаги манзарани кузатиш, яқин атрофдаги иккита булоқдан эса сув ичиш мумкин. Агар шаҳарда 45 даража иссиқ бўлса, бизнинг қишлоғимизда ҳарорат +36 даража бўлади. Атрофда ёнғоқ, олхўри, дўлана, бодом кабилар бор. Улар орасида 150 ёшдаги тут ҳовлимизни безаб турибди”, - дейди шу қишлоқда яшовчи Бекмурод ака. Бу қишлоқ ҳудудида жойлашган мевали дарахтлардан олинган ҳосил экологик тоза бўлиб, ширинлиги ва йириклиги билан бошқа ҳудудлардаги мевалардан ажралиб туради. Маҳаллий аҳоли асрлар давомида қишлоқда боғдорчилик билан ҳам шуғуллангани боис атрофда кўплаб бута ва дарахтларни, бой сунъий мевали ўрмонларни кўриш мумкин. Бу ўзига хос ландшафтнинг бир қисмини ёнғоқ, олма, тут, ўрик, олча, узум, нок каби мевали дарахтлар ташкил этади.

Шу билан бирга, қишлоқ ҳудудида терак, тол, қайрағоч каби дарахтлани ҳам учратиш мумкин. Инфотур давомида ОАВ вакилларига табиатнинг асл жозибадорлигини ўзида мужассам этган Синтоб қишлоғи 2020 йилда туризм қишлоғига айлантирилиши ҳақида ҳам тегишли маълумотлар бериб ўтилди. Бугунги кунда қишлоқда йўл инфратузилмаси яратилмоқда. Шунингдек, бугунги кунда ҳудуднинг ўрганилмаган қадамжолари ва тарихини тиклаш учун илмий туризмни ривожлантириш режалаштирилган. Иштирокчилар тоғлардаги қоятошлардан топилган араб ёзуви ва петроглифларини томоша қилишди. Кейинги манзил эса “Қизилқум сафари” бўлиб, журналистлар сайёҳлик фирмасига тегишли ўтовли лагерларга жойлашишди. Ушбу тадбиркорга ажратилган уч гектар майдонда 22 дона ўтов ўрнатилган бўлиб, уларнинг ҳар бири замонавий кондиционерлар билан жиҳозланган. Ўтовлар тўрт кишига мўлжалланган. Улар Бухородан - 270, Самарқанддан 380 километр масофада жойлашган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки бу ердаги ўтовларни безашда тадбиркор миллийликка алоҳида урғу қаратган бўлиб, унда шунингдек 100 киши сиғадиган ёзги айвон, совуқ ва ёмғирли кунлар учун алоҳида қишки жой тайёрланган. Тоза сув 8 километр узоқда жойлашган қудуқдан тортиб келинган. Сув нисбатан шўр бўлгани учун таомлар учун ишлатилмайди. Овқатланиш шохобчасида фойдаланиш учун шаҳардан қадоқланган идишларда сув олиб келинади. Аҳоли яшайдиган энг яқин манзил 4 километр узоқликда жойлашган бўлиб, у ер Дўнгалак қишлоғи деб номланади. Ўтовли лагердан 80 километр масофада Қозоғистон Республикаси ҳудуди бошланади. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться