Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бутунжаҳон банки билан ҳамкорликда 500 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилади
2019-10-03 | Иқтисодиёт
2019 йил 28 сентябрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Бутунжаҳон банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Бутунжаҳон банки қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича катта иқтисодчиси Сергей Зоря, ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассис Марина Новикова ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштирок этди.
Учрашув давомида Сергей Зоря Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича ишга туширилган 200 миллион долларлик лойиҳа, шунингдек, кредит тармоғи бўйича 150 миллион долларга мўлжалланаётган 2 та лойиҳа истиқболлари хусусида тўхталиб ўтди. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси жорий этилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Бутунжаҳон банки томонидан 500 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилиши алоҳида қайд этилди. Мазкур лойиҳанинг биринчи компоненти мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича 55 та ихтисослаштирилган туман харажатларини қопласа, иккинчи компоненти кредит тармоғи бўйича интенсив боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилади. Шунга мувофиқ, Бухоро ва Хоразмда иккита марказ қурилиши режалаштирилган.
Учрашув якуни бўйича томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олишга келишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги