Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Касбга ўқитиш тизимида Осиё тараққиёт банки билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда
2019-10-03 | Жамият
Ўзбекистонда касбга ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, бу борада моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари Осиё тараққиёт банки вакиллари билан 28 сентябрь Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтказилган учрашувда муҳокама этилди.
Учрашувда Осиё тараққиёт банки қишлоқ хўжалик соҳаси бўйича катта иқтисодчиси Шин Лонг, AARC Ltd компанияси вакили Омон Нарзиқулов, соҳалар асосида ўқитиш бўйича маслаҳатчи Джо Вагнер, ускуналар билан жиҳозлаш бўйича мутахассис Си Йю Лим, Ўзбекистондаги Осиё тараққиёт банки ваколатхонаси лойиҳалари бўйича аналитик Фарида Жумабоева ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштирок этди.
Учрашув аввалида Шин Лонг “Ишга марҳамат” мономарказининг замонавий қиёфаси ва у ерда яратилган зарурий шарт-шароитлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги коллежлар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларда қисқа муддатли касбга ўқитиш курсларини йўлга қўйиш, коллеж биноларини халқаро стандартлар бўйича жиҳозлаш, ҳамкорлик лойиҳалари орқали аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун касбий таълим харажатларини тўлиқ қоплаш сингари долзарб масалалар ҳақида фикр алмашди.
Учрашув якуни бўйича Осиё тараққиёт банки билан ўзаро ҳамкорликда белгиланган вазифаларни тизимли равишда амалга оширишга келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги