Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Китобларнинг чексиз дунёси

2019-10-03 | Маданият

Бу халқаро кўргазма-ярмаркани дарровгина ёки бир-икки соатда, шунчаки бир айланиб томоша қилишнинг сира иложи йўқ. Унда китобларнинг мўъжизакор уммонига шўнғиб кетиш, миллий адабиётимиз дарғаларининг ажойиб суҳбатидан баҳра олиш, ноширлар, матбаачилар, кутубхоначилар фаолиятидан тўлақонли хабардор бўлиш учун кенг имкониятлар яратилган.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ташкил этилган "Tashkent Book Fest – 2019" биринчи халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси стендларини айланган ҳар бир инсонда шундай таассуротлар пайдо бўлиши шубҳасиз.
 
Мазкур кўргазманинг очилишига турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, китоб-ноширлик, ахборот-кутубхона иши мутахассислари, адабиётимиз фидойилари, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар, уларнинг ота-оналари, ўқитувчилар таклиф этилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар мамлакатимизда китоб тарғиботини кучайтириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга бўлган меҳри ва ҳурматини ошириш, нашриётлар, матбаа корхоналарининг эркин ва самарали ишлаши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш масаласи Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда устувор ўрин эгаллашини таъкидлади.
 
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга изчил жорий этилаётган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда ёш авлод маънавий-ахлоқий тарбиясига доир бешта муҳим ташаббусга мувофиқ китоб тарғиботига оид ишларни замон талаблари асосида йўлга қўйиш, шу орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нашрларнинг чоп этилиши бўйича мақсадли дастурларни тайёрлаш ва ижросини таъминлаш, хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилиш, нашриётларга кўмаклашиш, ноширлик ва матбаачилик йўналишидаги техник-технологик базани ривожлантириш, уларни замонавий жиҳатдан янгилаш, тегишли минтақавий, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
 
"Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалари мажмуасининг энг муҳташам павильонида бошланган "Tashkent Book Fest – 2019" биринчи халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилиш мумкин. Маҳобатли бу маскандаги кўргазма-ярмарка ғоят ранг-баранг, қизиқарли, турфа стендларга бой, ҳар бир томошабинни шошириб қўйиши билан диққатга сазовордир.
 
Кўргазма-ярмарка китоб ва мутолаани тарғиб этиш, жаҳон босма саноати тажрибасини ўрганиш, нашриётлар, китоб тарқатувчилар, ахборот-кутубхона масканлари, китоб-мутолаа масалаларига масъул ташкилотлар ўртасида халқаро алоқаларни ўрнатиш каби мақсадларни кўзлайди. Бу ерда юртимизнинг нашриётлари, кутубхоналари, китоб тарқатишга масъул ташкилотлари билан бирга Буюк Британия, Россия, Германия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Қирғизистон, Туркия каби давлатларнинг нашриётлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш мумкин. Айни пайтда Хитой, Эрон, Индонезия, Озарбайжон ва бошқа бир қатор хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари, маданият марказлари, маърифий масканлари томонидан тақдим этилган илмий-оммабоп адабиётлар, қизиқарли нашрлар билан танишиш имконияти бор.
 
– Тошкентда бундай халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг биринчи марта ташкил этилаётгани жуда ажойиб ғоя, – деди Россия китоб ноширлари ассоциацияси президенти Константин Чеченов. – Бу кўргазма-ярмарка китоб-ноширлик ишига масъул бўлган ташкилотлар, нашриётлар билан кенгроқ танишиш, уларнинг фаолиятини ўрганиш, соҳадаги ҳамкорликни тобора мустаҳкам йўлга қўйишда жуда аҳамиятлидир.
 
– Нашриётимиз асосан Кореяда хориж ҳақидаги китобларни чоп этиш билан шуғулланади, – деди "UzKor Ekonomy" нашриёти вакили Чве Хи Йонг. – "Мен Ўзбекистонни яхши кўраман" деган китобим яқинда чоп этилди. У юртингизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида атрофлича ҳикоя қилади. Мен бу китобни ёзиш асносида ўтган йили ўн марта шу табаррук диёрга келиб, уни атрофлича ўргандим. Бугунги кунда Кореядан юртингизга келишни истаган инсон борки, уларнинг бари шу китобни дастлаб ўқиб, Ўзбекистонга бўлган меҳри ва иштиёқи тобора ортмоқда. Мазкур кўргазмада халқингиз китобни нақадар эъзозлашига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.
 
Қирғизистоннинг "Аркус" нашриёти мактаб таълими учун ўқув адабиётлари, услубий қўлланмаларни чоп этиш бўйича ихтисослашган. Мазкур нашриёт кўргазма-ярмаркада юздан ортиқ ўқув адабиёти билан иштирок этмоқда.
 
– Ўзбекистон кейинги уч йил мобайнида очиқ мамлакатга айланди, – деди "Аркус" нашриётининг раҳбари Иван Фадин. – Биз мамлакатингизнинг ноширлик бозорини атрофлича таҳлил этиб, уни пухта ўрганмоқчимиз. Назаримда, юртингиз полиграфик бозори ғоят катта ва ранг-баранг. Айнан бу жиҳати биз учун ғоят қизиқарлидир.
 
Дарҳақиқат, ноширлик, китоб тарғиботи ишининг нечоғли пухта йўлга қўйилгани ушбу кўргазма-ярмарка орқали ҳам яққол намоён бўлмоқда. Бу ерда мамлакатимиздаги турли нашриётларнинг, кутубхоналарнинг фаолиятига батафсилроқ назар ташлаш мумкин.
 
– Нашриётимиз Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб боради, – деди "Ўқитувчи" нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири Суннат Хўжааҳмедов. – Китобларнинг сифати, ўқувчиларнинг ёшига мослиги, унинг дизайни, бўёқларининг болалар соғлиғига хавф солмаслиги каби жиҳатлар фаолиятимизнинг доимий диққат марказида.
 
Кўргазма-ярмарка экспозициясидаги яп-янги китоб савдоси ва тарғиботини жойларда амалга оширувчи автобус – библиобус ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Уни кўчма кутубхона, деб ҳам аташ мумкин. Библиобусдаги бадиий, маърифий адабиётлардан кўз қувнайди. "Ўздавкитобсавдотаъминот" масъулияти чекланган жамияти менежери Рухсорой Маҳамметованинг айтишича, жорий йилнинг апрель ойида илк сафарни Наманган вилоятига амалга ошириб, янги-янги китоблар тарғиб этилган. Ҳозирга қадар 110 нашриётнинг мингдан ортиқ китоби халққа етказилган.
 
Маърифий лойиҳанинг дастлабки тақдимотида "NOVDA Edutainment" компаниясининг фаолияти, медиа маҳсулотлари, аудио китоблари, журналлари ҳақида батасил маълумот берилди.
 
Кўргазма-ярмарканинг биринчи кунида қизиқарли тақдимотлар, ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар билан учрашувлар, ўқувчи-ёшлар учун викториналар, ижодий танловлар, бадиий ижодиёт бўйича маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
 
 
Назокат УСМОНОВА, Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться