Наманганда Ўмоннинг “Atyap Investments” компаниялар гуруҳи томонидан халқаро стандартлаштириш технологик маркази ташкил этилади.
Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг “Atyap Investments” компаниялар гуруҳига қарашли “Atyap Foodtech” фирмаси бош директори Моҳиб Аҳмад билан учрашувида маълум қилинди.
Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг 18 давлатдаги элчилари инвесторларни жалб қилиш бўйича Наманган вилоятига бириктирилгани, вилоят ижтимоий-иқтисодий, табиий-географик ресурсларидан унумли фойдаланиш орқали иқтисодий салоҳиятини оширишда бу муҳим аҳамият касб этаётгани, шунингдек, Ўмон султонлиги билан ҳамкорликда қатор истиқболли лойиҳалар устида иш олиб борилаётгани қайд этилди.
Учрашувда йирик лабораторияга эга бўлган ва халқаро миқёсда тан олинган Ўмон компанияси томонидан Наманганда халқаро стандартлаштириш технологик марказини ташкил этиш бўйича таклиф этилаётган лойиҳа муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноати маҳсулотларини жаҳон стандартлари асосида лабораториядан ўтказиш, халқаро стандартларга мослаштириш ва сертификатлашга ихтисослашиши кўзда тутилган ушбу технологик марказ вилоят экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
– Ушбу технологик марказ нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам хизмат кўрсатади, – дейди М.Аҳмад. – Бу ерда минтақадаги бош марказни ташкил қиламиз, бошқа ҳудудларда эса ушбу марказнинг филиалларини очамиз. Вилоят қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини жаҳон стандартларига мослаш билан бирга янги лойиҳаларни амалга оширамиз. Жумладан, “Atyap Investments” компаниялар гуруҳи қишлоқ хўжалиги, паррандачилик, озиқ-овқат саноати соҳасида ҳам Наманганга инвестиция киритишга тайёр.
Учрашувда лойиҳанинг ҳар икки тараф учун манфаатли томонлари муҳокама қилинди.
Акромжон САТТОРОВ, ЎзА
Манба: ЎзА