Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«RUSSIA OPEN – 2019»: Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзоси махсус мукофот билан тақдирланди
2019-10-02 | Спорт
Москва шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича «Russia Open – 2019» халқаро турнири бўлиб ўтди. Унда қатнашган юртимиз вакилларининг қарийб тенг ярми совриндор бўлди, жумладан МВСК (Мудофаа вазирлиги спорт клуби) аъзолари ҳам.
Таэквондочилар 16 та вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб борган «Russia Open – 2019» халқаро халқаро турнирида юртимизнинг 15 нафар вакили қатнашди ва 8 нафари шоҳсупага кўтарилди. Айниқса, халқаро турнирнинг биринчи кунги беллашувлари вакилларимиз учун муваффақиятли кечди – даянга чиққан 7 нафар таэквондочимизнинг 4 нафари ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. Деярли барча халқаро турнирларда совриндор бўлиб келаётган МВСК вакили Нигора Турсунқулова (-67 кг) ҳамда терма жамоамиз аъзоси Светлана Осипованинг (+73 кг) Москва халқаро турнирида ҳам шоҳсупага кўтарилишини юртимиз таэквондо мухлислари олдиндан кутишган, тахмин қилишганди. Аммо Феруза Содиқова (-62 кг) ва МВСК аъзоси Жасурбек Жайсуновнинг (-68 кг) турнирда ғолиб чиқиши бироз кутилмаган ва қувонарли ҳол бўлди. Яна шуни таъкидлаш жоиз, эркаклар ўртасидаги 68 килограммгача вазн тоифасидаги беллашувларда уч нафар таэквондочимиз даянга чиқиб, юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилди. Жасурбек жамоадошлари Улуғбек Рашитов (МВСК) ва Сардор Тоировга нисбатан яхшироқ тайёргарликка эга эканлигини халқаро турнирда намойиш этди.
Муҳими, таэквондочиларимиз олтин медалдан ташқари келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун қимматли рейтинг очколарига ҳам эга бўлишди, яъни тўрт спортчимизнинг ҳар бирига 10 рейтинг очкоси берилди.
Турнирнинг иккинчи куни яна 8 нафар таэквондочимиз даянга чиқди ва яна 4 нафари шоҳсупага кўтарилди. МВСК аъзоси Никита Рафалович 80 килограммгача вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.
Ҳамюртларимиз Чарос Қаюмова (-53 кг) ҳамда Озода Собиржонова (-57 кг) фақат финалда рақибларига имкониятни бой бериб қўйишди ва халқаро турнирнинг кумуш медали билан тақдирланишди. 57 килограммгача вазн тоифасидаги таэквондочилар ўртасидаги баҳсларда ҳамюртимиз Зария Қосимова ҳам қатнашганди. Бироқ, бу сафар унинг омади юришмади.
Шу тариқа, таэквондочиларимиз «Russia Open – 2019» халқаро турнирининг 5 та олтин, 2 та кумуш ва битта бронза, жами 8 та медалларини қўлга киритишди. МВСК аъзоси Нигора Турсунқулова эса қизлар ўртасидаги мусобақанинг «энг тажовузкор жангчи»си номига сазовор бўлиб, махсус мукофот билан тақдирланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги