Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

2019-10-02 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Жисмонан соғлом, маънан етук, мустақил фикрлайдиган, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол ёш авлодни тарбиялаш ҳамда вояга етказиш учун мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш, республикамизда жадал суръатлар билан амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар улғайиб келаётган ўспирин иқтидорини янада ривожлантириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, юрт равнақи йўлида уларнинг фаол иштирокини таъминлашни бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиламоқда.

Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини янада ошириш, ўқувчи-ёшларда юксак маънавий фазилатларни камол топтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунарга йўналтириш орқали мустақил ҳаётга тайёрлаш, интеллектуал баркамол авлодни тарбиялаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3931-сон қарорига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги

техник ижодиёт, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология бўйича “Баркамол авлод” республика болалар марказлари негизида Республика “Баркамол авлод” болалар мактабини;

“Баркамол авлод” туман (шаҳар) болалар марказлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар “Баркамол авлод” болалар марказлари негизида “Баркамол авлод” болалар мактабларини;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари негизида “Болалар кутубхоналари”ни;

2020-2023 йилларда Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тизимли равишда болалар туризмини ривожлантириш мақсадида “Баркамол авлод” болалар мактаблари ҳузурида 100-200 ўринли “Болалар сайёҳлик базалари”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилансинки:

“Болалар кутубхоналари” умумтаълим муассасалари кутубхоналарига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш, ўқувчиларнинг миллий ва жаҳон болалар бадиий адабиётлари дурдона асарларига бўлган эҳтиёжини аниқлаш, уларни китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, маданий-маърифий тадбирларни (“Ёш китобхон”, “Китобхон мактаб”, “Энг яхши кутубхоначи” ва бошқалар) ташкил этишга кўмаклашиш;

“Болалар сайёҳлик базалари” “Баркамол авлод” болалар мактабларининг “ёш сайёҳ”, “ёш экскурсовод”, “ёш ўлкашунос” тўгарак аъзолари учун ўлкамиз тарихи, қадимий ва муқаддас қадамжолар, миллий урф-одатларимиз билан яқиндан таништириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва асраш, болалар ўртасида экология ҳамда саёҳат қилиш маданиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилади.

3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш бўйича асосий вазифалари этиб белгилансин:

ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлаш, бунда уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш ҳамда қизларни ижтимоий фаол ҳаётга тайёрлашни ташкиллаштириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали болаларни индивидуал ривожлантиришга қаратилган дастурлар ва услубий материалларни доимий такомиллаштириб бориш;

робототехника, мехатроника, муҳандислик ва компьютер дастурий таъминоти йўналишларидаги тўгаракларни доимий ривожлантириб бориш;

болалар ва таълим туризмларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш;

ўқувчи-ёшларнинг ижодий ишларини оммалаштириш, шу жумладан, дунё бозорига миллий анъаналаримиз асосида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тўгарак аъзолари томонидан яратилган маҳсулотларни олиб чиқиш мақсадида “Art shop” электрон дўконларини ташкил этиш ва сотувини йўлга қўйиш;

мактабдан ташқари таълим муассасаларига ўқувчилар қамровини ошириш, ўқувчилар қизиқишларига кўра тўгаракларни ташкил этиш ва доимий фаолият олиб боришини таъминлаш;

болаларда касбни эгаллаш бўйича дастлабки билим ва кўникмаларни шакллантириш, тармоқ тўгараклари фаолиятини методик таъминлаш, китобхонлик маданиятини ошириш учун мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини замонавий таълим дастурлари орқали такомиллаштириш;

етакчи ташкилотлар ва олий таълим муассасалари билан биргаликда “Баркамол авлод” болалар мактабларида робототехника ва техник ижодиёт йўналишида фойдаланадиган хомашёлар рўйхатини шакллантириш ва янгилаб бориш;

болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш учун хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари асосида “Баркамол авлод” болалар мактабларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Болалар технопарки” лойиҳаларини ташкил этиш;

“Баркамол авлод” болалар мактаблари ва “Болалар кутубхоналари”нинг халқаро ҳамда республика танловлари ғолибларини муносиб рағбатлантириш механизмларини йўлга қўйиш;

тизимда илмий ва амалий тажриба алмашиш ишларини олиб бориш мақсадида хорижий мамлакатларда ходимларнинг малака ошириши ҳамда мақсадли хизмат сафарларини ташкил этиш;

болалар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш, кўчма кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, болалар

ва мактаб кутубхоналарини бадиий адабиётлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш;

мактабдан ташқари таълим муассасаларининг бўш турган бино ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш.

4. Қуйидагилар:

2019-2021 йилларда халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 1-иловага мувофиқ;

2020-2024 йилларда янгидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган “Баркамол авлод” болалар мактабларининг асосий параметрлари 2-иловага мувофиқ;

2020-2023 йилларда янгидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган “Болалар кутубхоналари”нинг асосий параметрлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилансинки:

“Баркамол авлод” болалар мактабларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб “STEAM – таълим” (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – муҳандислик, Art – санъат, Mathematics – математика) дастури жорий этилади;

эксперимент тариқасида ҳар бир туманда битта умумий ўрта таълим мактабларида муассаса моддий-техник базасидан келиб чиқиб ҳамда ўқувчилар қизиқишига кўра “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ тўгараклари ташкил этилади;

мазкур қарорнинг 4-бандида кўрсатилган “Баркамол авлод” болалар мактаблари ва “Болалар кутубхоналари”ни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, шунингдек, мазкур объектларни жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури доирасида назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

2020 йил 1 январдан бошлаб “Баркамол авлод” болалар мактабларини махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида “Таълим” соҳаси учун ажратилган маблағлар доирасида ва “Баркамол авлод” болалар мактабларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

200 ўқувчига мўлжалланган “Баркамол авлод” болалар мактаблари, 100-200 ўринли “Болалар сайёҳлик базалари”, 100 ўқувчига мўлжалланган “Болалар кутубхоналари”ни янгидан қуриш ишлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан келишилган якка тартибда тасдиқланган лойиҳаларга қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда қурилиш-монтаж ишларини бажаришда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги:

Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури доирасида назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилиш манзилли дастурини шакллантиришда “Баркамол авлод” болалар мактаблари, “Болалар сайёҳлик базалари”, “Болалар кутубхоналари”нинг аниқ сони ва рўйхатини кўрсатган ҳолда, уларнинг янгиларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, зарур хомашё ва инвентарлар билан жиҳозлаш учун зарур бўлган маблағлар ажратилишини таъминласин;

2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури доирасида назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан манзилли дастурларни шакллантиришда Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби жойлашган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш орқали 200 ўринли “Болалар сайёҳлик базаси” қурилиши ҳамда зарур хомашё ва инвентарлар билан жиҳозлаш бўйича тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ зарур бўлган капитал қўйилма лимитлари ажратилишини назарда тутсин.

7. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2019-2024 йилларда Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим тизимини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

“Баркамол авлод” болалар мактабларини 2024 йилга қадар 50 фоиз олий маълумотли мутахассислар билан тўлдириш (жами тўгарак раҳбарлари сонига нисбатан);

ўқувчиларни “Баркамол авлод” болалар мактабларига қамраб олиш даражасини 10,5 фоизга етказиш (умумтаълим мактабларидаги ўқувчилар сонига нисбатан);

“Баркамол авлод” болалар мактабларида 2024 йилга қадар давлат-хусусий шериклик асосида робототехника ва муҳандислик тўгараклари улушини 10 фоизга етказиш (жами тўгараклар сонига нисбатан);

“Болалар кутубхоналари” ва мактаб кутубхоналари учун миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналарига кирувчи асарларнинг аудиокитоб шаклини яратиш;

барча “Баркамол авлод” болалар мактаблари, “Болалар кутубхоналари” ва мактаб кутубхоналарини кенг полосали Интернет тармоғига улаш.

8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

икки ой муддатда “Баркамол авлод” болалар мактаблари ва “Болалар кутубхоналари” тўғрисидаги намунавий низомлар ҳамда уларнинг тузилмаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Баркамол авлод” болалар мактаби ва “Болалар кутубхоналари”ни намунавий жиҳозлаш меъёрини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

2020 йил 1 январдан бошлаб “Баркамол авлод” болалар мактабларида робототехника, мехатроника, муҳандислик, дастурлаш ва хорижий тилларни ўрганиш тўгаракларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этиш чораларини кўрсин;

2020 йил 1 сентябрга қадар хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби мисолида “Баркамол авлод” болалар мактаблари биноларига (шу жумладан кўринишига) ҳамда уларнинг ўқув-услубий ва таълим жараёнига бўлган талабларни ўз ичига олган концепцияни ишлаб чиқсин ва жорий этсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимлари ва тўгарак раҳбарларини тегишли мутахассислик йўналишида малака ошириш тизимини жорий этиш мақсадида 2020 йил 1 январдан бошлаб А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Мактабдан ташқари таълим тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш кафедраси (кейинги ўринларда – Кафедра) ташкил этилсин.

Замонавий таълим технологиялари асосида, шу жумладан, масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда ихтисослаштирилган тўгараклар йўналишлари бўйича халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимларини малака оширишнинг ва қайта тайёрлашнинг амалдаги нормаларига мувофиқ қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Кафедранинг асосий вазифаси этиб белгилансин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

Кафедра фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга йўналтириладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;

Кафедра Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Аҳмад Дониш кўчаси, 72-А уй манзилига бепул жойлаштирилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Баркамол авлод” болалар мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкаларини 2020 йил 1 январдан:

директор ва директор ўринбосарлари учун 1,55 бараварга;

тўгарак раҳбари учун 1,5 бараварга ошириш;

инструктор-услубчилар ва услубчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб амалга ошириш ва уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини тўгарак раҳбарлари базавий тариф ставкалари миқдорига тенглаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

“Баркамол авлод” болалар мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкаларини ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларни 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутсин;

умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар қизиқишига кўра “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ тўгаракларини ташкил этиш учун зарур маблағлар манбаси юзасидан таклиф киритсин.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

 “Баркамол авлод” болалар мактаблари, “Болалар сайёҳлик базалари” ва “Болалар кутубхоналари”ни янгидан қуриш учун майдонларни танлашда тасдиқланган меъёр ва параметрларга мувофиқ, қоида тариқасида, туман ва шаҳарларнинг марказида, турар жой массивларида жойлаштирилишини ҳисобга олсин;

2020-2022 йилларда болалар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида кўчма кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва улар учун шарт-шароитлар яратиш бўйича шерик сармоядорлар ва тадбиркорларни жалб қилган ҳолда таълим лабораторияси, робот дунёси ва турли ижодкорлик йўналишларини қамраб олган “Kids makon” бизнес лойиҳасини амалга ошириш чораларини кўрсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Ҳунарманд” уюшмаси робототехника ва техник ижодиёт, бадиий ижодиёт ҳамда экология ва туризм йўналишлари бўйича “Баркамол авлод” болалар мактабларининг касбий йўналишларига оид фаолиятини ўқув-методик жиҳатдан қўллаб-қувватлашда амалий ёрдам кўрсатсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда “Баркамол авлод” болалар мактаблари ва “Болалар кутубхоналари”ни ривожлантириш, моддий-техник базасини яхшилаш, шу жумладан, хомашёлар харид қилиш учун имтиёзли шартлар асосидаги хорижий кредитлар ва грантларни жалб этиш борасидаги ишларни фаоллаштирсин.

17. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимовга – ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан самарали амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматовга – халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш бўйича вазифаларни тўлақонли амалга ошириш, Кафедра фаолиятини самарали йўлга қўйиш, соҳага замонавий таълим технологияларини жорий қилиш, шу жумладан, янги тўгаракларни ташкил қилиш, “Баркамол авлод” болалар мактаблари ва “Болалар кутубхоналари”ни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, мазкур мактабларни жиҳозлаш ишлари ўз муддатларида амалга оширилишини таъминлаш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенг жорий қилиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

18. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Саккокий кўчаси, 3 а-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Республика “Баркамол авлод” болалар мактабини жойлаштириш учун Халқ таълими вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз ўтказиб берилсин.

19. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифалари кенг ёритилишини ташкил этсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сон қарори билан тасдиқланган Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати қуйидаги мазмундаги 301-банд билан тўлдирилсин:

“301. Халқ таълими тизимидаги умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун ўқувчиларнинг муҳандислик, робототехника, мехатроника ва дастурий таъминот йўналишлари бўйича ўқув машғулотларда фойдаланиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалга ошириш юзасидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган, хориждан олиб келинадиган хомашёлар ва жиҳозлар”.

21. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

22. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                   Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 30 сентябрь

Манба: ЎзА

Поделиться